18:10 Уммонда «чўкиб» кетдик! Алвидо, Лондон! | |
Уммонда «чўкиб» кетдик! Алвидо, Лондон! Вьетнамда бўлиб ўтган Олимпиада саралаш баҳсларининг плей-офф учрашувлари ўз ниҳоясига етди. Плей-оффнинг иккинчи учрашувида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Уммон терма жамоасига имкониятни бой бериб қўйди ва Лондон-2012 олимпиадаси билан энди АНИҚ хайрлашди. Йўқ, хайрлашди десак, етарлича таъриф бермаган бўламиз. Видолашди! Вакилларимиз ўйин бошиданоқ хотиржам тўп суришга ҳаракат қилишди. Уммонлик футболчилар эса эҳтиёткорлик билан ҳужум уюштиришга интилишди. Сабаби улар ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаш билан биргаликда, гол киритишга ҳам уринишлари шарт эди. 10-дақиқада Кенжа Тўраевда яхши имконият пайдо бўлганди. Аммо у ўткир бурчакда тургани учун тўпни боши билан дарвозага йўллай олмади. 15-дақиқада Уммон ҳужум уюштирди. Салим Мустафоев тўпга етолмади ва рақибини чалиб йиқитди. Пенальти! 11 метрли нуқатага яқинлашган Али Фарах Мочаловни алдай олди. Голдан сўнг ҳам олимпиячиларимиз хотиржамликни йўқотмай тўп суришга интилишди. Чунки биз учун дуранг натижа ҳам етар эди. Аста секин майдон марказини эгаллаб, рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар содир этишга киришишди. Аммо булардан ҳеч қандай наф чиққани йўқ. Аксинча, уммонликларнинг қарши ҳужумлари ниҳоятда хавфли кўриниш ола бошлади. Бундай вазиятларда ҳимоячиларимиз қўполдан-қўпол хатоларга йўл қўйиб, мураббий-ю мухлисларнинг асабини буза бошлашди. Бу хатолар изсиз кетгани йўқ. Биринчи бўлимнинг сўнггига келиб уммонликлар ҳисобни оширишди. Жарима майдончамиздаги пала-партишликдан сўнг чап қанотда тўпни эгаллаган Раид Солиҳ ҳисобни 2:0 кўринишга олиб келиб қўйди. Биринчи бўлимдаги ўйин орқали хулоса қиладиган бўлсак футболчиларимиз бугун футбол ўйнагилари келмади. Иккинчи бўлимда ҳам ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Уммон хотиржам ҳимояланиб, қарши ҳужумлардан фойдаланишга ҳаракат қилди. Бизникилар эса... Бизникилар футбол ўйнашни хоҳлашмади... Майдонда бемақсад дарбадар кезиб юришди... Агар футболчи ўйнашни истамаса, буни яшириб бўлмас экан. Телевизор орқали ҳаммаси яққол билиниб қоларкан. Ҳурматсиз олимпия терма жамоаси таркибидаги футболчилар! Илтимос, кейинги сафар бизга номаълум қандайдир сабабларга кўра майдонда югуришни, ўйнашни, тўп тепишни истамасангиз, буни ишонарлироқ тарзда амалга оширинг. Ёки мухлислар олдига чиқиб, ўша САБАБни очиқ-ойдин айтиб, майдонга тушмай қўяқолинг! Бутун бошли мамлакат номидан майдонга тушгандан сўнг, бундай шармандагарчилик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Хуллас, боримиз шу, бўлганимиз шу, бўлишимиз шу... Шу иборани яна неча йил(лар) қайтариб юрар эканмиз-а? Жонга тегиб кетдику! Ёқубжон Бобожонов Ўзбекистон ОТЖ – Уммон ОТЖ 0:2 Голлар: Али Фарах (15), Раид Солиҳ (44). Ўзбекистон ОТЖ: Виктор Мочалов, Ислом Тўхтахўжаев, Шерзод Аъзамов, Салим Мустафоев, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Дилшод Раҳматуллаев (Темурхўжа Абдухолиқов, 50), Фозил Мусаев, Ойбек Қиличев (Владимир Козак, 66), Зоҳир Пиримов (Жасур Ҳасанов, 52), Олег Зотеев, Кенжа Тўраев. Уммон ОТЖ: Умар Ал Абри, Муҳаммад Ал-Мусалами, Жобир Ал Овайси, Али Ал Нахар, Азан Ал Балуши, Ал Жабри Сауд, Қосим Хардан, Али Фарах (с), Эид Ал Фарси, Раид Солиҳ, 9.Валид Абдулла. Огоҳлантиришлар: К. Тўраев (30), Жобир Ал Овайсий (41). Четлатиш: Муҳаммад Эйд Ал Фарсий, 77. Ҳакамлар: Малик Абдул Башир, Гох Гек Пхенг, Эдвин Ли Цзу, Сухбир Сингх (барчаси Сингапур)
Manba: uff.uz
| |
|
Всего комментариев: 0 | |