Главная » 2012 » Март » 27 » Сурия мағлуб этилди
20:02
Сурия мағлуб этилди

Сурия мағлуб этилди

Вьетнам пойтахти Ханой шаҳридаги "Май Дин” стадионида Ўзбекистон ҳамда Сурия олимпия терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ўйин ўз ниҳоясига етди. Унда вакилларимиз 2:1 ҳисобида ғалабага эришишди.

Ўйинни бошиданоқ олимпиячиларимиз ташаббусни қўлга олиб, ҳужум уюштиришга ҳаракат қилиб кўришди. Аммо Сурия қарши ҳужум уюштириб, футболчилармизни сергаклантириб қўйганидан сўнг, асосан тўпни назорат қилиш орқали устунликка эришишга ҳаракат қилишди. Шундай бўлсада, рақиб ҳужумлари пайтида ҳимоячилар ва дарвозабонимиз ўртасида ўзаро тушунмовчилик ва ишончсизлик яққол сезилиб турди.

Бу нарса тез орада бизга салбий натижа олиб келди. Учрашувнинг 15-дақиқасида сурияликлар дарвозабони Иброҳим Алма тўпни ҳаволатиб ошириб беришидан сўнг бир қарашда хавф йўқдек, вакилларимиз вазиятни назорат қилаётгандек кўринганди.

Аммо Салим Мустафоев негадир бу тўпга боришни истамади. Дарвозабонимиз Акбар Тўраев эса ўз дарвозасини ташлаб чиқиб, "ярим йўл”га етиб қолганди. Шу паллада сурияликлар ҳимоячиси (!) Шахен ҳимоячиларимиз таъбири билан айтганда, аллақаёқдан етиб келиб, биргина зарба орқали тўпни Акбар Тўраев устидан ошириб, дарвозага тушириб қўйди. Тўғри, хато ҳаммада ҳам бўлади. Аммо энг ҳайратланиси, (бу ҳолат такрорий вазиятда аниқ кўринди) Мустафоев тўпга югурмагани етмагандек, ўша тўпга рақиб футболчиси етиб бораётганини кўргандан сўнг ҳам "бир туки қилт этмай”, жойидан қотиб тураверди. Аксинча, ҳимоя марказига жавобгар бўлган Тўхтахўжаев рақибга қаршилик кўрсатишга уриниб кўрди. Аммо унинг позицияси тўпга ўз вақтида етиб бориш имконини бермас эди.

Голдан сўнг ўзбек футболчиларига хос "анъана”га мувофиқ, терма жамоамиз шашти тушиб кетди. Худди ўйин тақдири ҳал бўлгандек, бу ёғига майдонда "бекорга сакиллаб”югуриб юришнинг фойдаси йўқдек. Ҳолбуки, ҳали ўйиннинг ярми ҳам тугамаганди. Фақатгина биринчи бўлимнинг 36-дақиқасига (!) келибгина Сурия терма жамоаси дарвозаси олдида ҳақиқий хавфли вазият юзага келди. Шерзод Каримовнинг тўпни жарима майдончаси ичига етказиб беришидан сўнг Кенжа Тўраев боши билан зарба йўллади. Аммо унинг зарбаси ноаниқ кетди. Орадан икки дақиқа ўтиб Дилшод Раҳматуллаевнинг фаоллиги эвазига юзага келган хавфли вазият Шерзод Каримовнинг сусткашлиги эвазига чиппакка чиқди. Биринчи бўлим Сурия терма жамоасининг ғалабаси билан ўз якунига етди.

Иккинчи бўлимда Вадим Абрамов ўйинни кучайтириш учун Ҳошимов ва Нагаев ўрнига Козак ва Зотеевларни майдонга туширди. Бунинг эвазига вакилларимиз бир оз фаолликни ошириб, бирин кетин ҳужумлар уюштиришни бошлашди. Аммо бу ҳолат рақибларимизга қарши ҳужумларни уюштириш учун яхши имконият ҳосил қилди. Бундай вазиятларда эса футболчиларимиз жуда қўпол хатоларга йўл қўйишди. Худди тўпни биринчи марта кўраётган одамдек тасаввур уйғотишди.

Нагаев алмаштирилгач, Кежа Тўраев ҳужумда яккаланиб қолди. Шу сабабдан ҳам мураббийлар Шерзод Каримовнинг ўрнига Темурхўжа Абдухолиқовни майдонга тушириб, вазиятни ўнглашга ҳаракат қилишди. Бу ўзгартириш ўз самарасини берди. 74-дақиқада ён чизиқдан отиб берилган тўпни Абдухолиқов боши билан Тўраевга ташлаб берди. Ўз ўрнида Тўраев ҳам бу пасни "увол” қилмай, уни дарвозага аниқ йўллади. Гол жуда катта қийинчилик эвазига киритилганини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур.

Шундан сўнг барча мухлислар терма жамоамиз ўйин темпини оширишини кутганди. Аммо бундай бўлиб чиқмади. Яна ўша суст ўйин давом этди. Рақиб қарши ҳужумларда жуда хавфли вазиятлар юзага келтирди. Айниқса, 85-дақиқада сурияликлар жуда қулай вазиятга эга бўлишди. Аммо Акбар Тўраев бирга-бир вазиятда бутун Ўзбекистон олимпия терма жамоасини қутқариб, тўпни қайтара олди. Шундай бўлсада тўп суриялик футболчига етиб келди. Дарвоза бўм-бўш эди. Битта зарба ва "Алвидо, Лондон"... Аммо Олимпиададан ҳали насибамиз узилмаган экан! Бу вазиятда омадми, тақдирми, билмадим, аммо нимадир аниқ бизга кулиб боқди. Кейин эса ўша машҳур мақол ишга тушди. Майдон марказидаги тўп оширилишидан сўнг Олег Зотеев халоскор вазифасини бажариб берди. У дарвозабонни ҳам алдаб ўтиб, тўпни дарвозага йўллади. Ушбу гол Ўзбекистонга уч очко билан бирга кейинги учрашув олдидан катта устунликни тақдим этди.

Энди олимпиячиларимиз индинга Тошкент вақти билан соат 17:00да Уммон термасига қарши ўйинда майдонга тушишади.

Ўзбекистон U23 – Сурия U23 — 2:1
Голлар: Кенжа Тўраев, 74, Олег Зотеев, 86 - Шахен, 15
Ўзбекистон ОТЖ: Акбар Тўраев, Даврон Ҳошимов (Владимир Козак, 46), Ислом Тўхтахўжаев, Шерзод Аъзамов, Салим Мустафоев, Жавлон Иброҳимов, Шерзод Каримов (Темурхўжа Абдухолиқов, 67), Дилшод Раҳматуллаев, Жасур Ҳасанов, Иван Нагаев (Олег Зотеев, 53), Кенжа Тўраев.
Сурия ОТЖ: Иброҳим Алма, Аҳмад Ал Солиҳ, Я.Шахен, Муҳаммад Збида, Даас, 15.Абд Ал Хасан, Омар Харбин, Муҳаммад Фарез, М.Закария Ал Омари, Таир Рума, Мардек Мардкян.
Огоҳлантиришлар: Абдухолиқов, 90.
Ҳакамлар: Алиризо Фағони, Ризо Суҳандон, Ха Нгок Нгуен
Ханой, «Май Дин» стадиони.

  Manba: uff.uz
Категория: Спорт | Просмотров: 818 | Добавил: ™_Пользовател_™ | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 1
27.03.2012 (20:03) #1
URRAAAAAAAA hands hands respect thumb
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]