Главная » 2012 » Апрель » 9 » Сиз мени севасизми?
00:28
Сиз мени севасизми?

Сиз мени севасизми?



Якшанба. Туришга мажолим йўқ. Телевизор тагига борай десам, овозини эшитишга тоқат қолмаган. Кечаги тўйнинг шовқин – сурони худди жонимни суғуриб олгандай. Қанийди, овозсиз ашула бўлса-ю, эшитиб ётсанг. Қанийди, қир – адирларнинг осойишталиги, боғларнинг шовуллаши, тоғларнинг сокин сукунати, далаю − даштаро солланиб юрган эпкиннинг шивири, жилғаларнинг ўйноқи тароватини вужуд – вужудингга сингдириб юборувчи телевизор бўлса!

Қанийди, бир ёр бўлса-ю, бошингни уқалаб қўйса. Гапирганда гапни ашула қилиб айтса. Ашуласи ҳам фақат муҳаббат ҳақида бўлса... мудроқ босган экан, қўл телефоним SMS келгани ҳақида товуш берди. Истамайгина очдим:

"Сизни менча кутган бирор дил борми?

Ўпка – гиналарга бизда тил борми?

Борсам, шариатда борар йўл борми?

Кутганим чин бўлди, аммо билмайсиз,

Жигарлар хун бўлди, нега келмайсиз?!”

Ҳайрон бўлдим. Ким бўлиши мумкин?Келган рақамга қарасам нотаниш. Телефон қилсаммикан?! Кейин нима дейман? Нега шеър ёздинг, ундан кўра кел, танишиб қўя қолайлик, дейманми? Ҳазиллашувдим, ҳазилни ҳам тушунмайдиган харф экансиз-у, деса-чи, яхшиси жавоб ёзиб юбора қолай!

"Тошкент деган катта шаҳарнинг,

Бир четида уйғоқман – борман,

Сизни ҳар дам кутаман жоним,

Йўлингизга муштоқман – зорман”.

Бир пасдан кейин "ту-ту”лаб жавоб келди:

"Юрагимни ўртар ғам

Ёришимни билмайман.

Бу ишқ билан қайга ҳам,

Боришимни билмайман”.

Дарров ўқидим. Шеърларига қараганда ақлида қусур йўқ. Ҳазиллашаётганга ҳам ўхшамайди. Менга таниш қизларнинг ичида бунақаси йўқ эди, кел, нотаниш бўлса бўпти, яхши гапимни аяб ўтираманми, дедим-да, ҳарфларни тера бошладим:

"Жоним мени алда, "севдим” деб алда,

Фақат сенга менинг севгим, деб алда.

Дунёга сен учун келдим, деб алда,

Келиб бир бахтиёр этмасанг ҳамки,

Дунёга сен учун келдим, деб алда.

Қизғонаман сени барча – барчадан

Дардингда арслонинг бўлдим, деб алда.

Сен мени ҳеч қачон севмагансан-у,

Ҳажрингда сарғайиб сўлдим, деб алда”.

Энди жавоб келмаса керак дегандим, йўқ телефон "ту-ту”лаб қолди:

"Сизни деб оромни унутганим, рост

Фақат, ёлғиз сизни кутганлигим рост.

Мен алдаш ёшидан ўтганман эркам,

Ва алдаш ёшида эмассиз, сиз ҳам”.

Қизнинг жавоби энди жиддий ўйлантира бошлади. Нима демоқчи? Айтганлари ростми ёки ҳазил? Агар ҳазил бўлса, бунақа шеърлар ёзмасди.

Агар рост бўлса... рост бўлса ҳам ёзмасди.

"Дилимизда ёнган ишқ

Балки ёнмас бундан сўнг.

Минг ичида икки ошиқ

Ишқигина келар ўнг. Улар

Тангри ёрлақаган,

Ҳақиқий ишқ ғунчаси

Нега менга зорланасан

Ахир бизлар шунчаки...

” Ушбу SMSни жўнатдим-у, кизга бироз оғир ботиши ҳақида ўйлай бошладим. Энди жавоб келмаса керак. Ахир шунча бамаъни шеърлар ёзолган одамнинг, ғурури ҳарқалай меникидан кам бўлмаса керак. Ҳарқалай ўзини тутиб олган одамгина, бунақа савияси баланд шеърларни ҳозиржавоблик билан ёза олади. Ёки ростдан мени яхши кўрармикан?! Наҳотки Худойим мени ҳам яхши кўрадиган одамни яратган бўлса. Ахир мен ҳам одамман-ку?! Ярим соатлар ўтиб, умид узганимда, жавоб келди:

"Алмашавер, мени ҳар кун ва ҳар дам

Энг гўзал қизларга ичавер қасам,

Нима қилай, жоним, мен сени ахир,

Дунёда ҳеч кимга алмашолмасам”.

Ҳароратли шеър экан. Агар ростдан менга аталган бўлса, бахтлиман. Лекин ким у қиз?! Нега шу пайтгача индамай юриб – юриб , бирдан шиддатли ҳатти – ҳаракат?! Нега менинг туйғуларим билан ўйнашаяпти! Ёки замон ўзгариб қизлар севги изҳор қиладиган даврлар келиб қолдими? Ҳарқалай, давр ўзгарган бўлса ҳам, мен ўзгарганим йўқ. Мен, бунақа бепарда севги изҳорларини қабул қилолмайман. Жавоб ёзмоқчи эмас эдим-у, ўзимни тутолмадим.

"Синглим! Сиз билан ғойибона танишганимдан хурсандман. Шеърларингиз жуда ёқди. Лекин улар шеърларми ёки кўнгил изҳорлари? Нима бўлганда ҳам ўзингизга яқин олиб, чинг кўнгилдан шунча SMS ёзганингиз учун миннатдорман. Ёзишмаларимизни тугатсак яхши бўларди. Мени бундай ҳавоий шеърлар билан кўп алдашгани учун қўрқиб қолганман. Чунки, мен шеърни ёлғондан ёзолмайман. Севмаган одамимга севдим, деб беандиша айтолмайман. Севги сўзи жонсиз ўйинчоқ эмас. Хайр, соғ бўлинг!”

SMSни жўнатдим, дарҳол орқасидан жавоб келди:

"Эҳ, сизни мутлоқ бошқача тасаввур қилгандим.

Мени, севги талаб қиляпти, деб ўйладингизми, севгини шунча арзон баҳоладингизми?! Ижодкорнинг асари яхши бўларкан-у, ўзидан одам чиқмас экан. Сиздаги тушунча шу бўлса, сиз билан ҳеч қачон учрашмаганим бўлсин. Асарларингиз муҳаббатга, завқу шавққа тўла, ўзингиз эса зерикарли экансиз. Омон бўлинг!

Мени кимлигимни ҳали билмайсан,

Беҳуда урмайди кўксимда юрак.

Ҳеч қачон, ҳеч кимга сени бермайман,

Сен фақат меники бўлишинг керак”.

Мен ҳам аразчи қизга дарҳол жавоб ёздим:

"Сиздан севги талаб қилганим йўқ. Севги изҳорларингизни менга аталган, деб тушунибман. Шеърларингиз менга эмас, шоирга аталган экан. Севиш – бу ўзингни оловга ташлаш. Ақлли одом бундай қилмайди. Мен севгидан қўрқаман. Бўлмасам ростдан севиб қоламан. Бўзчи белбоққа ёлчимайди, деганлари шу-да. Сиз менга атаб шеър ёзманг. Мени севиб қоласиз”.

SMSни жўнатиб юбордим. Бироз ўтиб жавоб келди:

"Шеърларингизни ўқиб, дардимиз бир экан, деб юрардим. Афсуски, шеъри бошқа, ўзи бошқа одам экансиз. Лекин мен шеъри ҳам, ўзи ҳам битта одамман. Қолаверса, дангалчи ва қатъиятлиман. Учрашсак, нима дейсиз?!

Севги саҳросида сизни ахтардим,

Тополмай ҳаприқди дилда дардларим,

Роҳатни аланга – ғамга алмашдим,

Сизни ҳеч кимсага алмашганим йўқ”.

Қизнинг жавобини ўқиб, менда уни кўриш, у билан юзма – юз ўтириш, дийдорлашиш истаги пайдо бўлди. Нима бўлса, бўлди, деб жавоб ёздим:

"Билмам нега сизни қолдим ёқтириб,

Мен телба ошиқман сизни кўрмаган.

Балки мен ўйлаган қизсиз орзиқиб,

Балки алдоқчисиз, мени ўйнаган?!

Айтгандай, исмингиз нима, манзилингиз қаерда? Қачон кўришамиз?!” Бироздан сўнг жавоб келди:

"Мен яшайман севги салтанатида,

Вафо деб аталар бизларнинг шаҳар.

Албатта топгайсиз кўнгил қатида

Севгингиз чиндан-да бор бўлса агар”.

У исмини ҳам, манзилини ҳам айтмагач, менда унга нисбатан ҳақиқий қизиқиш уйғонди. Телефон рақамини тера бошладим. Овози биллур қўнғироғидай назокатли қиз кўтарди: − Яхшимисиз?

− Яхши, раҳмат.

− Зўр шеърлар ёзар экансиз, нега шу пайтгача матбуотда ўқимаганман, ҳайрон қолдим. − Эълон қилинмаган-да.

− Нега эълон қилинмаган?!

− Ҳаммаси сизга аталган. Сиз ўқидингиз, бўлди, оламга жар солиб нима қиламан.

− Шеърни, қолаверса, яхши шеъни ҳамма ўқиши керак!

− Керакмас. Шоира бўлиш ниятим йўқ. SMS жўнатганимнинг сабаби бор. Муҳаббатга ишонасизми?

− Ишонмасам, шеър ёзармидим.

− Демак, севган қизингиз бор.

− Йўқ. Фақат бировларнинг кўнглидаги туйғуларни ёзиб юраман.

− Ёлғон. Сиз камида ўнта қиз билан юргансиз.

− Танишларим бор-у, энди севаман, деганимда ташлаб кетаверишаган.

− Наҳотки бирортаси ёнингизда йўқ?!

− Шоирлик етишиш эмас, фидойилик. Мақсад етишиш эмас, шеър ёзиш бўлган. Қолаверса, кўплар шоирга жиддий қарамайди. Дуруст эр чиқмайди, деб ўйлайди.

− Наҳот, уйланиш тўғрисида ўйламагансиз, − деди қиз хўрсиниб.

−Ҳали жиддий ўйлаганим йўқ. Негадир севги ҳақида ўйлайман-у, уйланиш хаёлимга келмайди. − Агар уйлансангиз, бошқаларни яна севиб қолаверасизми?

− Агар хотинимни севмасам, унинг севгиси ижодимни тўлиқ таъминлай олмаса, албатта бошқаларни севавераман. Агар хотиним, менга фақат эр сифатида қарамай, шоир сифатида қараса, бошқаларни севаман, лекин менга мана шундай имконият яратгани учун энг катта муҳаббатим хотинимга бўлади. Агар, хотиним ҳеч кимни севишимга йўл қўймаса, энг катта нафратим хотинимга бўлади. Ахир мен шоирман, фақат рўзғорбоп мавзуларда ёзолмайман. Қолаверса муҳаббат, инсонни, ҳаётни, дунёни улуғлаш...

− Унда уйланиб нима қиласиз?

− Ахир этикдўз ҳам фақат хотинига этик тикмайди-ку.

− Гап шеър ҳақида эмас, кўнгил ҳақида кетяпти,

− қизнинг нафаси ичига тушиб кетди.

− Шоир шеърида кўнгил бердим деб ёзади, этикдўз этик ямаётганда кўнглимни қўшиб ямадим, демайди. Фарқ шунда.

−Наҳотки шоирларнинг биронтаси уйланмаган бўлса, − дедим, шоирларнинг тарафини олиб.

− Ҳаммаси муҳаббат ҳақида шеър ёзиб юрибди. Хотинлари эса мазза қилиб ўқийди, болалари ёдлайди.

− Шеър балки хотинларига аталгандир...

−Мана, сиз ҳам кимгадир бағишлаган шеъларингизни менга жўнатибсиз-ку!

− Бу шеърлар кимгадир ёзилган эмас. Кимга аталган бўлса ўшанга жўнатилган.

− Шеърларингиз ўз эгасига етиб келган экан, бўлмаса учрашайлик. − Йўқ, учрашмаймиз. − Нега? Демак, ёзганларингиз ёлғон.

− Йўқ, ёлғон эмас.

− Нега бўлмаса кўришмаймиз.

− Мен, сиз билан кўришиш учун шеърларни жўнатганим йўқ. Мени фақат қанақа одам эканлигингиз қизиқтирарди. Тўғриси, кўнглим бироз хотиржам тортди. Мен ўйлагандан кўра, яхшироқ экансиз.

− Мен ҳақимда ёмон фикрда эдингизми?

− Ҳа. Ўзи ёзган шеърларга ўхшаса, демак, жуда кўп қизлар билан юрган. Демак, енгилтак, бурди йўқ одам, деган фикрда эдим. Энди эса фикрим ўзгарди. Агар учрашайлик, деяверсангиз, фикрим ўзгариб қолиши мумкин.

− Учрашмасак, демак мен ҳақимда ҳали ҳам яхши фикрда эмассиз.

− Гапингиз тугаганга ўхшайди.

− Ҳеч бўлмаса исмингизни айтинг.

− Бир мухлисингизни кечиргандай, вақтингизни олганим учун кечиринг.

− Манзилингизни айтинг, қаерда ўқийсиз, мени қаердан танийсиз, қайси шеърларимни ўқигансиз?

− Ҳамма шеърларингизни ўқиганман. Мухлисларингиз эса кўп. Келинг, энди хайрлашлик.

− Тўхтанг, ҳеч бўлмаса овозингизни хотирамга сақлаб қолай. Биронта танишимнинг овози бунақа ёқимли эмас.

− Бошқа телефон қилиб юрманг. Бу рақамни бугуноқ алмаштираман.

− Нима, мени ўйинчоқ қилаяпсизми?

− Йўқ, аксинча, жуда жиддий суҳбат бўлди.

− Нега бўлмаса кўришмаяпмиз?

− Сизни кўрганман. Мени кўришингизни эса қизиғи йўқ.

− Илтимос, бўлмаса яна SMS ёзинг. Ўзингиз яна телефон қилинг.

− Майли, ўйлаб кўраман. Энди телефонни ўчирсам, хафа бўлмайсизми?

− Хафа бўламан.

− Бўлмаса, суҳбатимиз сўнггида яна битта SMS жўнатаман ва яхши кунларда кўришгунча омон бўлинг, деб қоламан.

− Бўпти, хайр. Мен ҳам сизга жўнатаман.

− Керакмас.

Телефон ўчди-ю, бутун бир дунёдан айрилиб қолгандай, юрагим ўпирилиб тушгандай бўлди. Келган SMSларни яна қайтадан бирма – бир ўқидим. Жой етишмаганидан баъзи бирларини ўчириб юборганимдан ўкина бошладим. Унинг менга ёзган шеърлари энди муҳаббат алангасидай таъсир эта бошлади. Унинг ҳақиқий завқи, оташин ҳарорати юрагимни куйдира бошлади. Ярим соатлар ўтиб, янги SMS келди:

Ёрга етмоқдан ўзга,

Ишқ аҳлига армон йўқ.

Ишқни тартиб этмоққа,

Қоида йўқ, фармон йўқ.

Севги дарси бўлганда

Олар эдим сабоқ ман...

Мағлубдирман, бу фанда

Саводсизман, муҳтожман...

Мен ҳам SMS ёздим. Аммо телефон қабул қилмади. Телефон қилсам, аппарат рад жавобини бера бошлади. Бошқа гаплаша олмадим. Фақат... орадан бир йўл ўтиб учрашганимиздагина уни овозидан таниб қолдим. Бу, ойим мени бир йилдан буён учрашувга кўндиролмай юрган, мен учрашишни истамаган қиз бўлиб чиқди. Агар билганимда... бу учрашув бир йил олдин бўлиб ўтарди. Мен у билан учрашдим ва бўлиб ўтган воқеалар бирма – бир ёдимга тушиб, хо-холаганча кулиб юбордим. Мен бахтиёр эдим. Унинг қўлларидан ушлаб, кўзларига қарадим. Кўзларига шу қадар самимий термула бошладим-ки, фақат тоза қалб билан, покиза ният билан кўзлар бир – бирига мана шундай бахтиёр қараши, ихтиёрларини бир – бирларига топширишлари мумкин эди. У мени кута – кута SMS ёзган, мен уни кўришдан олдин, у мени синаб бўлган экан. Хурсандлигимни кўриб, ойим ҳам ортиқча сўраб ўтирмади. Тўй тараддудига тушдилар. Мен эса унга SMS ёзишга тушдим:

"Бетакрор хусни ила оламга чирой берган гўзаллик маликасига! Ҳар бир лаҳзангизда юз минг омад кулиб, юз минг бахту саодат йўлдошингиз бўлсин! Сизга дунёнинг барча шодлиги-ю, барча ҳузур – ҳаловатини тилайман. Миллион миллион муҳаббат гуллари қадамингизга поёндоз бўлсин. Оллоҳ иқболингизни баланд, истиқболингизни ёруғ қилсин!

Сиз энг гўзал қиз, лойиқсиз тахтга

Хусн оламида, подшоҳсиз, хонсиз.

Лойиқсиз, дунёда энг катта бахтга

Энг улкан севгига лойиқ, инсонсиз!


Категория: Xikoyalar | Просмотров: 1774 | Добавил: rasulzhon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]