Главная » 2012 » Апрель » 9 » СЕНИ СЕВГАНМИДИМ?
00:37
СЕНИ СЕВГАНМИДИМ?

СЕНИ СЕВГАНМИДИМ?..


– Зулайҳо, менга қара!
Синфхонанинг очиқ деразасидан ташқарига термилганча хаёлга берилган қиз "индамас” синфдошининг кутилмаган товушидан чўчиб ўгирилди. Йигитнинг қип-қизариб кетган юзига қараб кулимсиради.
– Нима дейсан?
Йигит талмовсиради. Нима десин? Нимадан бошласин? Йўқ, ҳозир буни айтса, хафа қилиб қўйиши мумкин. Табиатан гапга нўноқлиги баттар панд берди. Тили айланмади. Кечаси билан қайта-қайта такрорлаб, ёд олган сўзлари бир зумда ёдидан кўтарилди.
– Ҳалиги… Математика дафтарингни бериб тур…
Қиз хандон отиб кулиб юборди.
– Жиннимисан? Нима қиласан дафтарни, эртага битирамиз-ку мактабни!
Қўнғироқ чалинди. Яна айтолмади.
"Математика эмиш! Аҳмоқ…”
* * *
Сап-сариқ япроқлар соғинчдан заъфарон кўнгилга рангдош бўлди. Фалакка қўл чўзган дарахтлар сочидан тўкилган хазонлар рақсга тушганча пастга эниб, йўл четида қайларгадир кўз тиккан йигитнинг елкаларига илашди – тасалли бергандек бўлди. Йигит юзларини силаб тушаётган куз рўмолчаларига парво қилмади. Кўзларини интизор қадалган нуқтадан олмади. "У шу ерда… Шу ерда…”
"Зулайҳо қайтиб келди. Тўйи ўтганига бир ой бўлмаёқ эри ҳалокатга учраб, вафот этганди. Бир йил қайнона-қайнотасининг хизматини қилди. "Кетмайман” деганига қарамай ахири жавобини бериб юборишибди. Бечора, сиқилаверганидан озиб-тўзиб кетган… Боғчага ишга жойлашиб, ўзини овутиб юрибди”
Йигит қишлоққа келган куниёқ онасидан эшитди бу "янгиликни”. Юраги бир титради. Бармоқларининг учигача музлаб кетди. "Қайтиб келди…”
"Бечора…”
Бундан бошқа нима десин?
Аслида…
Ким бечора? Зулайҳоми? Унга севгисини айтишга ҳам улгурмай қўлдан чиқарган, Зулайҳо қўшни қишлоққа келин бўлгандан бери қишлоққа қадам босмаган, ҳар лаҳза, ҳар нафас куйиб, ўртаниб яшаган ўзи-чи?!
"Уни севмаганман, бу бир ҳавас эди”, деб овунтириб келмадими кўнглини? Энди-чи? Энди…
Шамолга эрмак бўлган жонсиз япроқлар йигит кўз тиккан томонга эниб кетди. Интиқ нигоҳлар қайсар ақлнинг "Яхшимас, унга гап тегади …” деган пандларига бўйсунмади.
Нима қилсин?
Соғинган бўлса…
Кўнгил деган ақлга бўйин эгса экан… "Ўшанда журъатсизлик қилмаслигим керак эди. Шаҳарга кетиб, ўқиш қочмасди! Ақалли бир оғизгина ўзига айтганимда, ҳеч бўлмаса, онамга билдириб қўйганимда-ку…
Шўрлик, шўрлик Зулайҳо! Келин бўлиб аёллик бахтини ҳам тотмабди бечора. Кўнглига қил сиғмай яшаётгандир…”
Боғча дарвозасидан бирин-кетин чиқиб кела бошлашган болакайлар йигитнинг хаёлларини тўзғитиб юборди. Ана у!
Йигит кўксининг аллақаерида ўша… Ўша вақтдагидек жимирлаган бир нимани ҳис қилди. Тўкилиб кетаётгандек, дарахт танасига беҳол суянди. "Йўқ, ўзгармабди. Ҳали ҳам ўша ўша чиройли…”
Андиша истакдан устун келди. Бормади. Боролмади.
Кеч эди…
* * *
Йигит шаҳарга қайтиб кетолмади. Қайтиб кетса… Юрагининг бир парчаси қолиб кетгудек қўрқди. Боғча давозаси ёнидаги чинорлар йигитга сирдош бўлди. Унинг армонга, ҳижронга беланган изтироб, алам қўшиқларига унсизгина тингловчи бўлди. Забонсиз нигоҳларга, бу нигоҳларни пайқамаган мунгли кўзларга томошабин бўлди. Фақат… кўнгилга эргашганча қалб интилган манзилга интизор термулган нигоҳлар ўзига ҳар кун паноҳ бўлгувчи чинор кавагига қистириб кетилган бир парчагина қоғозни ҳали пайқамаган, ундаги кечагина битилган, сиёҳи қуримаган сўзлардан буткул, хабарсиз эди.
"Математика дафтаримни сўраш учун бир ойдан буён мени пойлаб юрган бўлсанг, яхшиси, ортингга қайтақол…”
* * *
Туташганда нигоҳлар

титроқ,

Ёнганмидинг мендан ҳам кўпроқ?

Узилганди илинжлар,

бироқ,

Севганмидинг мени, азизим?..

Айро йўллар адоғида

дард,

Ҳижронларнинг сабоғида

дард,

Тунлар ишқнинг қийноғида

дард,

Сўрганмидинг мени, азизим?

Узилганда энг сўнгги ришта,

Қайтмас бўлиб кетган

"фаришта”,

Ой ботмаган тунларда,

тушда,

Кўрганмидинг мени, азизим?..

Куйик дилга куллар ҳам малол,

Ёнмай ўчган чўглари завол.

Ҳар кун,

ҳар он,

қийнайди савол:

Севганмидим…

Сени, азизим?..


Категория: Xikoyalar | Просмотров: 884 | Добавил: rasulzhon | Теги: СЕНИ СЕВГАНМИДИМ? | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]