Главная » 2012 » Апрель » 9 » Қорақурт
00:47
Қорақурт

Қорақурт


Сизни севиб қолиб, бўлдим айбдор,
Энди шу ишқ учун тўлайин қарзим.
Токи, жон бергунча бўлай вафодор,
Токи, жон чиққунча қилайин таъзим!
Шеърдан.

Худонинг  ишлари жумбоқ экан. Молга хашак солиб юрган Марварид опани қорақурт чақди-ю, дод дейишга  улгурмай жонини ҳаққа топширди.
Аксига олиб болалари мактабга кетган, эри Бекмурод ишда эди. ҳовли этагига келиб, қўшниларни чақирди.Оғриқ кучайгандан кучайди. Жон талвасасида ўзини ҳар томонга отди. Кимдир «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилди. Кимдир  сув сепди. Кимдир болдиридан сиқиб боғлади. Лекин ҳеч қайсиси кор қилмади. Оғриқ зўрайгандан зўраяверди. Бир йилдан буён юрак қон томирлари торайиб, юришга қийналарди. Устига устак яқинда тумовланиб мазаси қочиб қолди. Ҳамма дард бир бўлиб ёқасидан олди. Агар Марвариднинг ўзига қолса, бундай дардларнинг юзтасини енгарди. Бироқ, тепада ажал ўлжасини пойлаб турар экан, кимга ҳам арз-дод қила олади. Шифохонага етмай жон берди. На хўжайини Бекмуродга бир оғиз сўз айта олди, на фарзандлари Бектош билан Бекжонга хайр-хўш. Қизи Маржоной қўшни туманга узатилиб кетган бўлса ҳам,  онасининг бу ҳолга тушганини билса, бир зумда етиб келарди. Бироқ қорақурт заҳри Марварид ўйлагандан кучли экан, бир зумда аъзойи баданини қорайтириб, қақшатиб юборди. Жон талвасасида ўйламаган ўйи, кўз олдига келтирмаган одами қолмади. Кимларга нималар деди, ичида айтди. Кимлардан узр сўради, кимлардан ёзғирди, кимларга нималарнидир тайинлади, дарди ичида қолди. Фарзандларини уйлантирмоқчи эди, кўз остига олиб қўйган қизлар бор эди, насиб қилмаган экан, ҳамма иш  очиқ-сочиқ, тугалланмай қолиб кетди. Марвариднинг умр йўли шу ерга келганда узилди,  кенгроқ нуқтаи-назар билан қарайдиган бўлсак, туғилмасиданоқ пешонасига битилган тақдирни ва бу дунёда зиммасига қўйилган барча ишни бекаму-кўст ниҳоясига етқазди. Қорақуртни кўп уринтирмади. Шундай ширин ҳаётни нега ташлаб кетар эканман деб, қуюшқондан чиқмади. Вақт ўтиб, бошқа аёл эрига хотин бўлиб келишини, болаларига оналик даъво қилишини, у обод қилган ҳовлига эгалик қилиб юришини хаёлига келтирмади. Албатта, хаёлига келтирганида, бу хаёл унга қорақурт заҳридан азоблироқ таъсир қилган бўлар эди. Балки у қорақурт заҳрини енгишга бундан ўн баробар қаттиқроқ уринарди. Лекин инсон ўзи ўйлагандан ўн баробар, балки юз баробар ожизроқ эканини тан олмайди. Ҳаммасини оғилхонага боргани-ю, қорақурт чаққанига, «тез ёрдам» тезда етиб келмаганига, аксига олиб шамоллаганига, юраги хасталанганига тўнкаб қўя қолади. Эри энди унингсиз қийналишига, кечалари кўрпа очиқ қолиб шамоллашига, ёпиб қўядиган одам энди йўқлигига, бошқалар энди унингдек, яъни эрининг кўнглидагидек чой дамлолмаслигига, эри хонада овқатларни, қай тартибда пиширилгандагина хуш кўриб ейиши, қанақа овқатларни, қанақа қилиб пиширганда мутлақо емаслигини, қайси сўзлар эрига ёқиши-ю, қайси гаплар гапирилганда эри тутоқиб кетишини ўйлаб, бу сирларни фақат менгина биламан, бошқа ҳеч ким билмайди, то билгунча йигирма йил керак дея ўйлаган ва яшаш учун ўн баробар қаттиқроқ курашган бўлар эди. Мабодо, ўлими олдидан болаларига кимдир ўгайлик билан камситиб, заҳар-заққумини сочиб тургани кўз олдига келса, ўлмасликка шай бўлиб турарди. Лекин, Марвариднинг қўлидан нима келарди. Ҳукм ўқилган, ижро амалга ошган эди.
Бекмурод Марвариднинг  барча маъракаларини беками-кўст ўтказди. Хатми Қуръон ўқитиб, элга ош тарқатди. Марварид ҳаётдан кўз юмган ондаёқ, ҳаёт елкасига икки баробар юк билан ўтирганини ва бу зил-замбил юк уни унча-мунча қийнамаслигини, қийнаганда ҳам то ҳиқилдоғига тиқилгунча пармалаб азобланишини сезди. Лекин, ҳаётда кимнинг куни тўхтаб қолибди-ки, Бекмуродники тўхтасин. Кунлар ўтиб у ҳам ҳаёт ўзанида яна оқиб кета бошлади. Энди у ўзидан кўра болаларини кўпроқ  ўйларди. Бироқ...  
Қаҳратон қиш кунларининг бирида, Бектошни уйлантираман деб юрган Бекмурод, музда тойғониб, оёғи синди-ю, шифохонада қаровсиз ётиб, Бектош эмас, ўзи уйланиши кераклигини тушунди. Минг ўйлаганда ҳам Марварид энди қайтиб келмасди. Ўғиллари Бектош ҳам, Бекжон ҳам ўз номлари билан ўғил эди. Ҳовли ҳеч қачон тоза супурилмасди, қозон-товоқ ҳеч қачон тоза ювилмасди, кўрпа-тўшаклар пойинтар сойинтар бўлиб ҳеч қачон рисоладагидек йиғиштирилмасди. Бекмурод бора-бора буларга кўникди. Келин тушса ҳаммаси жой-жойига келади деб ўйлаганди. Лекин шифохонага тушди-ю, хотинга муҳтож энг аввало ўзи эканлигини янада чуқурроқ англаб етди. Мана шундай ожиз ва танг қолган кезлари ҳаёлида негадир Марварид эмас, Гулрухсор гавдаланарди ва ҳўрсинарди…
Гулрухсор яна ҳаёлида, ҳаётига кириб келаётганида, уни ўйлаётганидан „душман” билан яна юзма-юз келаётгандай, қачонлардир лов-лов ёнган гулхан, бугунгача чўғ бўлиб турган дард яна бошланганидан эсанкираб, ўзини ундан олиб қочишга тиришарди…
Гоҳида шу оёғим тузалди нима-ю, тузалмади нима, дерди. Гоҳида бугун ўлдим нима, эртага ўлдим, нима фарқи бор дея ўйланарди. Эртага ҳам яшашнинг нима кераги бор ўзи?! Гоҳида нега шунча кўп югурганига, ўзини ўтга-чўққа урганига, тиним билмай ишлаганига, ҳайрон қолар, нима кераги бор экан, шунча ҳатти-ҳаракатнинг, дея ўйланарди. Гулрухсор билан йўллари айро тушгач, уни бутунлай унитишга ҳаракат қилди.Ҳаракатига яраша, Худо, одамни нима биландир андармон қилиб қўяркан.  Арзимас бир иш билан овора бўлиб юраверар экансан, юраверар экансан ва бир куни ҳаётинг ўтиб кетганини, дунёдаги энг қимматли нарса, умрингни беҳудага сарфлаб юборганингни, энди бу умрни ҳеч қачон ҳеч кимдан қайтариб ололмаслигингни, нақадар ожизлигингни, нақадар бечоралигингни англаб етаркансан. Худо ўзининг суйган бандаларини, мақсадларига бир зумда етказиб қўяр, сен йиллар, ўн йиллар уринган нарсаларингга кимлардир, бир кунда, бир ҳафтада, бир йилда етаркан. Гулрухсор билан танишган кезлари машҳур актёр бўламан дея орзу қиларди. Ёдгор Саъдиевнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатини ўзлаштирган, айтган сўзларини ёдлаган, қилган қилиқларини ўз-ўзича тинимсиз қайтарган, такрорлаган, тақлид қилган у эмасмиди? Гулрухсор эса Гулчеҳра Жамилова қиёфасида унинг қўлига сув қуйган! Ўшанда улар бор-йўғи еттинчи ё саккизинчи синфда ўқишарди. Қаранг, орадан ўттиз йилга яқин вақт ўтибди-ю, ҳаммаси худди кечагина бўлиб ўтгандай. Қизиқ, ҳозир кўзига жимитдайгина бўлиб кўринадиган болакайлар ҳам, кимгадир кўнгил қўйганмикан. Кечалари ухламай кимнидир ўйлармикан. Кимнидир соғиниб, ҳамма ухлаган пайти кўчаларда тентираб юрармикан. Ўн тўрт ёшли болакайлар ҳали оғзиларидан она сути кетмаган болаларга ўхшайди ё кўзига шундай кўринаяптимикан? Балки уларнинг ҳам ўз олами, ўз дунёқараши бордир? Бугун хаёлларини, қалбларини тўлдирган туйғулар бир умрга юракларига муҳрланиб қолишини билганларида эди, ўзларига жиддийроқ қараган, ўзларини асрашган бўлишарди. Бекмурод ҳам болалигида ҳеч нарсани тушунмаган экан. Унда актёр бўлиш туйғуси, мана шу Гулрухсорга кўнгил қўйгандан, узоқ-узоқдан қараб юрганидан кейин туғилган экан. Уни ўзига қаратиш учун, уни яхши кўриш учун, машҳур инсон сифатида унга ёқиш, уни ўзига жалб этиш ва ниҳоят унга севимли бўлиш учун актёр бўлишни орзу қилган экан. Бу мақсадига бир мунча эришди ҳам. Кейинчалик атайлаб кечалар уюштирар, турли хил йиғинларда уни чорлар, унга рол берар, репитицияларда бирга бўлишар, бу унинг ҳаётида энг бахтиёр кунлар эди. Ўша пайтлар бахт эканлиги билинмаган, беғубор ва ўт алангага тўла кунлар эди. Бекмурод Гулрухсорга ўз муносабатини очиқдан-очиқ билдиролмасди. Уяларди. Ошиқча бир гап айтиб юборишдан тортинарди. Аксинча уни жиғига тегишни яхши кўрар, калака қилар, уни камситар, ниманидир писанда қилар, хуллас ҳол-жонига қўймасди. Гулрухсор ҳам ўз муносабатини билдирмас, гоҳида атайлаб ўғил болалар билан гаплашиб турар, пайти келганда бошқа болаларни мақтар, у ҳақда эса лом-мим демас, гўё у билан шунчаки, узоқ таниши билан ногаҳон кўришиб қолгандай гаплашар, ичидагини сиртига чиқармас ҳатто аразлашмасди. Бундай пайтларда Бекмуроднинг томоғига зирҳли темир тиқилиб қолгандай бўлар, на юта олар, на туфлаб, чиқариб  ташлай оларди. Гоҳида унга қаердан йўлиқдим деб, кўкрагига муштларди. Бир кун жуда қизиқ воқеа бўлди.
Велосипед ҳайдаб кетаётганда уни йўлда кўриб қолди. Кўришиш учун тўхтаганди, Гулрухсор, велосипедингни бир минай деб сўради. Аввал ҳайдаганмисан деб сўраганди, Гулрухсор "ҳа” деди. Бекмурод бу ёлғондан хурсанд бўлди. Гулрухсор велосипедни озгина ҳайдади-да, сайхонлик келганда, педални жони борича боса бошлади. Бекмурод орқа ўриндиқда ўтирарди, учиб кетаётган велосипедда ўзида йўқ шодланиб бақирар,  шодон кулар, Гулрухсор ҳам, ўзида йўқ қийқириб куларди. Лекин озгина қалтис ҳаракат қилса, ҳар иккиси ҳам, пастликка ағанаб кетар, қўл-оёқлари синиши турган гап эди. Пастга қараб учиб кетаётган велосипед педалларини Гулрухсор тобора қаттиқроқ ва тезроқ айлантирар, қўрқув ва ҳайратдан ҳар иккиси овозлари борича бақиришарди. Ҳартугул сайхонлик тугагач велосипедни тўхтатишди. Ўшанда Бекмурод атайдан Гулрухсорнинг раъйини қайтармаган, учиб кетаётган велосипедда, йиқилсам Гулрухсор учун йиқиламан, Гулрухсор билан бирга йиқиламан, Гулрухсорнинг истагини бажармагандан майиб бўлган афзал деб ўйлаган ва „тўхтат” деб айтишга журъат қилолмаган, аммо ўша кун Гулрухсор нега шундай қилганини кейинчалик тушунганди: Гулрухсор унга журъатли, мард бўл, қўрқоқ бўлма, нега мен билан бўлганингда ҳеч нарсадан тап тортмай юролмайсан қабилида иш тутган экан. Нега у ҳаётда Гулрухсор қилган ишни қилолмади. Бу журъатсизлиги унга кейинчалик кўп бора панд берди. Мактабни битиргач Тошкентга ўқишга бориб киролмади. Кейин ҳарбий хизматга кетди. Кетар олди, Гулрухсорга тайинли бир гап айтолмади. Ёзган хатларида ҳам қатъий бир гап йўқ эди. У пайтлар Гулрухсорни яхши кўриб юрган бўлса ҳам, негадир уйланиш ҳақида ҳеч ўйламаган экан. Ё идроки етмас, ё жуда ёш бўлган ёки аввал бирор мақсадимга эришиб олай деб ўйлаган. Хуллас, у хизматдан қайтганда Гулрухсорни узатиб юборишган эди. Бу хабар худди илон сингари унинг юрагини, унинг юрагидаги жавҳарни энг ўткир заҳар билан чақди. Оғриқдин ерга юзтубан йиқилди. Ер шари тескари айланиб чирпирак бўлиб кетди. У минглаб севишганлар ичида фақат бизнинг муҳаббатимизгина ҳақиқий деб ўйларди. Мана шу ҳақиқий муҳаббат ҳам завол топди. Гулрухсорни узатиб юборишибди. Узатганда ҳам ўзининг яқин ўртоғига узатишган экан. Бир кун, ярим кечаси Бекмурод таранг маст эди, Гулрухсор келин бўлиб тушган деразани тақиллатди. Аввалига ҳеч ким кўринмади. У деразани қарсиллатиб ура бошлагач, Гулрухсорнинг эри, Искандар парда ортидан мўралади. "Чиқ бу ёққа” дея бақирди Бекмурод. То Искандар чиққунча атрофда қўни-қўшнилар пайдо бўлди.  "Гулрухсорни мен яхши кўришимни билардинг-ку, уни мен билан юрганини билардинг-ку, унга мен уйланмоқчи эдим, сен разил қўлларингни унга текизиб, қўйнингда олиб ётибсанми, ифлос!”. Бу бақириқларни у Искандар чиққунча жар солиб бўлганди. Искандар чиққанда, унинг юзига қараб туришга, унга гапиришга тоқати қолмаган эди. Чўнтагидаги пичоқни олди-ю, унинг юзига қараб сермади. Аммо, Искандар ҳушёр эди, ўзини олиб қочди, Бекмурод мункиб кетганда, қўлига қараб тепди. Пичоқ қайгадир учиб кетди. Бекмурод чап қўл билан зарба берганда Искандар ерга ағанади. Одамлар пичоқни кўриб, орқага тисарилар, ажратиш учун ўртага тушишга бетлолмасди. Шунда, қизиқ воқеа юз берди. Гулрухсор ерда ётган пичоқни олди. Ерда ётган Искандар ҳам, кўзи қонга тўлган Бекмурод ҳам бир-бирларини ўлдиришга шай туришарди. Шунда Гулрухсор пичоқни Бекмуродга тутди: "Ма, ўлдир буни” дея ҳукм қилди. Бекмурод пичоқни олганда, Искандар қочиб кетган эди. Бекмурод  ўшанда бу уйдан Гулрухсорни олиб чиқиб кетишга журъати етмади. Аксинча, эртаси куни ўзи қишлоқдан бош олиб чиқиб кетди. Шу билан муҳаббат ҳам, буюк актёрлик орзуси ҳам армонга айланди. Бекмурод бу икки туйғудан қочиб яшади. Марварид ўлгач Гулрухсор ҳақидаги орзу яна тикланди.
Искандар эса ўзини ўлдириш учун пичоқ тутган хотин билан бир умр яшади. Буни бир умр ёдида сақлади. Гулрухсордан бир умр ўчини олди, бир умр уни калтаклаб ўтди.
Бекмурод Гулрухсорни қайтиб кўрмади. Бу воқеага ҳам йигирма йилдан ошиқ вақт ўтди. Лекин, Бекмурод  мана шу йигирма йил ичида бир лаҳза бўлсин Гулрухсорни унутмади. Унутмагани учун Гулрухсорни қайта кўролмади, уни олдига боролмади, шунчаки бўлсин узоқдан  бир кўриб ўтса, у яшайдиган кўчага бир марта бўлсин бўйласа бўларди. Лекин, юрагидаги оғриқ абадий муҳрини босган эдики, унинг ёнига боришга йўл қўймас, ҳеч бўлмаса Искандар билан кўришолмасди. Тўй-маъракаларда Искандар билан ногаҳон кўришиб қолса, шунчаки қўл чўзар, бир оғиз қандайсан дейишга тили айланмасди. Искандарнинг ҳам, уни кўрганда ғазабланиб кетишидан билардики, у ҳам унутмаган, у ҳам ҳамма воқеаларни худди кеча бўлиб ўтгандай яққол тасаввур қилар, қўйнига солиб ётган хотини уни эмас, бошқа одамни севишини ҳар кун ҳис қилар, хотини ўзиники эканига ҳар куни шубҳаланар, у нон берган,  у чой берган, топган-тутгани билан рўзғор тебратиб юрган, пулларини келтириб берган хотини, унга фарзандлар туққан, унинг ҳаётини, умрини, қисматини ярмини ташкил этган хотини уники эмас, унга жон-жаҳонини бағишламайди, уни ўйламайди, уни севмайди, қалбини унга бермайди, юрак-юрагининг туб-тубида уни эмас, Бекмуродни ўйлайди, уни эмас, Бекмуродни афзал деб билади, ҳақиқий эркак деб, уни эмас Бекмуродни билади. Бекмурод билан яшаганимда бундан кўра яхшироқ яшардим, бундан кўра бахтлироқ, бундан кўра севимлироқ бўлардим. Искандар менинг ҳаётимга зомин бўлди, деб ўйлайди.  Менинг унга берган ҳамма меҳрим, муҳаббатим, қучиб ардоқлашим, эркалаб ётишим, севишим, жонимни беришим, бутун вужудим билан унинг танига қуйилишим ҳамма-ҳаммаси беҳуда, ўртадаги фарзандларимиз ҳам бизни боғлолмайди, мол-давлатимиз ҳам, никоҳимиз ҳам, ҳеч нарса боғлолмайди, менинг ҳар бир ишимда, у менинг ўзимни эмас, Бекмуродни кўради, Бекмуродни тасаввур қилади, Бекмуродни ўйлайди, Бекмурод нима қилаётган экан деб, унинг ташвишини қилади, сиртига буни ҳеч қачон чиқазмасада, ичида у барибир уники, хаёлида уники, жисми мен билан ўтиради-ю, менинг уйимни супуриб сидиради-ю, лекин ўзи уники, менга бегона, унга қондош,  унга жондош, худди қўйнимда хотиним эмас, хотиним қиёфасидаги илон ва мен бу илон билан бир умр яшашга маҳкумман, дея ўйлайди ва мана шундай ўйлагани, мана шуни билгани учун ҳам ҳали-ҳамон Бекмуродни кўрганда ғазаб ва аламдан титраб кетади, шунинг учун чақиришга тили бормайди, шунинг учун отишга ўқи, кўришга кўзи йўқ. Агар мана шундай ўйламаганда, кўришган, хотиржам гаплашган, ўтган-кетгандан валақлашган, болалик хотираларини эслашган, бугунги қийинчилик замонлар ҳақида, молу-давлат, хизматчилик, юриб турган сиёсат, ҳавонинг иссиқ-совуқлиги, бу йилги ҳосилнинг ками-кўплиги ва умуман яна нималардир ҳақида гаплашган бўларди-ки, бу нарсалар ўтган воқеалар хотира сифатида қолганидан, унинг бугунги ҳаётга даҳли йўқлигидан далолат берарди. Аммо, Искандар у кунларни унутмагани учун Бекмурод хурсанд. Чунки унинг муҳаббати ҳали-ҳамон барҳаёт. Ҳали ҳамон юракларда яшамоқда. Ҳали ҳамон ҳаммани хавфу-хатарга, таҳликага солиб турибди.
Бекмурод бош шифокорнинг уйланиш ҳақидаги гапларини эшитар экан,  худди ёш болага зўрлаб овқат ичиришгандай, ўзини қаёққа олиб қочишини билмасди. Бош шифокор ўттиз ёшлардаги ҳамшира қизнинг номини айтди. "Мана кўриб турибсиз, келишган, меҳрибон, ширинсўз қиз. Ҳали турмуш қурмаган. Оёғингизни даволайди. Энди бундан кейин сизга шифокор ҳамиша керак бўлади. Жигарингизда ҳам, ўт пуфагингизда ҳам салбий ўзгаришлар бор. Ҳали ёшсиз. Эндигина қирқдан хатлабсиз. Худо насиб қилса, яна фарзандлар кўрасиз.  Уйда уйланмаган ўғилларингиз бор экан, тўй-ҳашамга албатта бир аёл керак. Эркак киши тўйни бир ўзи ўтказолмайди. Ўйлаб кўринг. Бу менинг сизга энг яхши тавсиям” — деди. Бекмурод ҳамширани танирди. Ҳақиқатдан рисоладагидай эди. Лекин, уйланиш тўғрисидаги фикр юрагида ҳеч бир илиқлик уйғотмасди. Юрагини қиздирмас, аланга олмас, қиш кунларидаги булутлар орасида қолган ойдай совуқ, ҳароратсиз эди. Қайта яна бир аёл билан бир ёстиққа бош қўйиш истаги эриш туюлар, хонадонига яна бир Марваридни келтиришни истамасди.
Гулрухсор воқеасидан кейин у бошқа шаҳарга бош олиб чиқиб кетди. Энди у  ўша ўзи туғилиб ўсган жойда, ўзи катта бўлган, ҳамма қариндош уруғлари яшайдиган шаҳарчада яшолмас, Гулрухсор ва Искандар борлиги учун ҳам яшолмасди. Кейин уни уйлантиришди. Кимга уйланишнинг фарқи йўқ эди. Шу қадар телба эканки, келинни тўй куни кўрди. Ўзининг бутун умри боғланадиган, унга фарзандлар туғиб берадиган, у билан оила қурадиган, кунлари, ойлари, йиллари бирга ўтадиган жуфтини тўй куни кўрди.
Бахтига келин соппа-соғ, ақли-ҳуши жойида чиқди. У билан йигирма йилдан ортиқроқ вақт яшади. Шу йигирма йилдан ортиқроқ вақт ҳаётдаги турмушдаги ҳамма нарса ҳақида гаплашди-ю, лекин кўнгил ҳақида ҳар иккиси ҳам бир оғиз сўз очмади. Ё бунга эҳтиёж бўлмади, ёинки кўнгил оила тегирмонида мутлақо кераксиз нарса эди. Бекмурод Гулрухсор билан кўнгил ҳақида соатлаб гаплашар, вақт қанчалик тез ўтиб кетганини билмасди. Гулрухсор Бекмуродни, Бекмуроднинг ўзидан ҳам яхшироқ биларди. қачонлардир, Гулрухсор Бекмуродга, "ҳеч ким сизга менчалик фидойи бўлолмайди” — деганди. Бекмурод бу гапга ўша пайтлар эътибор бермаганди, лекин қулоғига қаттиқ қуюлиб қолган экан, бутун умр юрагининг зарби билан бирга акс-садо бериб турди бу сўз. Бу сўзни у кўп бора унга фидойилик қилган энг яқин инсони Марваридга нисбатан қўллаб кўрди ва билдики Марварид унга эмас, бошқа одамга турмушга чиққанда ҳам, тўй куни уни эмас, бошқа одамни кўриб, менинг хасмим, бўлғуси турмуш ўртоғим мана шу экан, деб ўйлаган, унга ўшандай, яъни Бекмуродга қилгандай  фидойилик қилиб кетар, ўзини бағишлар, уйини супурар, кирларини ювар, фарзандлар туғиб берар, яхши гапини аямас, унга мослашиб, унинг бир қисмига айланиб кетарди. Агар у эмас, Бекмурод ўлиб, бирон яхшироқ жойдан совчилар келиб, фарзандларингни тўйини қиламан, ўзингга бошпана бўламан, оталикни бўйнимга оламан, деса ундан, яъни Бекмуроддан қолган ҳамма дов-доскани унга топшириб, балки тегиб кетган бўларди. Бунинг учун балки Марваридни айблаб бўлмасди. Лекин инсон нима учун севади, нима учун унга қалб берилган, нима учун дунёда муҳаббат деган энг буюк қудратли куч бор!
Бекмурод Марвариддан ҳеч хафа жойи, ундан гина қиладиган, уни ёмон кўрадиган, ундан нафратланадиган, умримни зомин қилдинг дейдиган жойи йўқ. Агар Марварид тирик бўлганида у билан умрини охиригача бирга яшаган бўларди. Агар Гулрухсорга уйланганда бахтли яшаган, у билан мактаб даврларида биргаликда орзу қилган мақсадларига албатта эришган, мана шу орзулар ортидан бир умр курашиб яшаган ва бугунга келиб нималаргадир эришган бўларди. Гулрухсор уни ҳамиша руҳлантирар, қўллаб-қувватлар, юксакка чорлар ва унинг бениҳоя катта таланти борлигига ишонтирар ва фақат севган одамдагина бўладиган хайрихоҳлик, меҳрибонлик, қалб торларининг энг майда ипларигача боғланиб кетган ҳис-туйғулар билан уни яхши кўрар, унга ишонар ва албатта бу ишонч Бекмуродни ўзи истагандай буюк одам бўлишига ундар, орзулар сари даъват этар ва албатта шиддатли интилишларини рўёбга чиқармай қўймасди.
Бекмурод ҳамшира қизга кўнгил қўйишга ҳаракат қилиб кўрди. Лекин кўнгил қўйиш, карра-карра жадвали бўлса экан-ки ёдлаб, йўл-йўриғини ўрганиб олса, қайси сонни қайси сонга кўпайтирса, қўшса ёки айирса фалон сон келиб чиқишини билиб олгандай, қайси сўзни  айтгандан кейин, нима  жавоб келишини, қайси ҳаракатдан кейин, қайси муносиб жавоб келишини билиш ва шу билан муҳаббат муносабатлари ўрнатилишини ўрганиб бўлса. Албатта, муҳаббатнинг ҳеч қандай қонун-қоидаси йўқ. Кўнгилга ўргатиб бўлмайди. Буйруқ ҳам бериб бўлмайди. Ўзингни мажбурлаб бировни севолмайсан. Ёки севгисини қозонолмайсан. Бунга дунёнинг ҳамма бойликлари ожизлик қилади. Албатта бойлик катта ёрдам бериши, ўрнатилаётган муҳаббатни қўллаб-қувватлаши мумкин, лекин муҳаббатнинг ўзини яратолмайди. Агар шундай бўлганда ҳамма  бойлар муҳаббат билан яшаётган, ҳамма камбағаллар эса муҳаббатсиз бўлишарди.
У кунлардан бир кун Гулрухсор билан кечирган дамларидаги орзуси, буюк актёр бўла олмагани аламига шаҳар ўртасида улкан кинотеатр қурди ва унинг пештоқига катта-катта ҳарфлар билан "Гулрухсор” номини ёзиб қўйди.
...Бекмурод Марварид ўлганидан ўн йил ўтиб,эллик ёшга киргани кечасида алағда-жалағда тушлар кўрди: Тушида одамлар уни ўртага олиб, таъна тошлари ёғдираётган, ҳайқиришиб, нега уйланмаяпсан, нега уйланмаяпсан дея, қўл силкишиб бақираётган, ёлғизлик ёлғиз Худога ярашади, уйланишга қодир эркакнинг уйланмай юриши элни бузади, орамизда сендақа сўққабошга ўрин йўқ, уйлансанг ҳам уйланасан, уйланмасанг ҳам уйланасан, сигирга бўлса ҳам сени уйлантириб қўямиз, сендан бадбўй ҳид келаяпти, сен хотинларимизни айнитиб юбординг, беваларимизни бесаранжом қилиб, тинчини бузаяпсан, ҳаммаси талвасага тушиб, кўйлакларини йиртишаяпти, етим болалари ота керак деб, симёғочларни уриб йиқитаяпти, оғилхоналарга ўт қўяяпти, кўчада ўтган машинага тош отаяпти, эркак кишини кўрса уйга кир деб  тортқилаяпти, сен эса дўзахда ярминг соғ, ярминг ёниб ётибсан, шайтонлар сени бизга ўрнак қилиб кўрсатишаяпти, елкангга эса тўртта шайтон ўтириб олган, миянгни қўлларига олиб, сеҳру-жоду қилишаяпти, қилич билан қиймалаб, сени гаранг қилишаяпти, ўзгаларни етовига тушиб олгансан — дея бақиришаётган, у эса оёқ-яланг бўлиб, қаёқларгадир бош олиб кетаётган, учиб юриб-юриб, бир сайҳонликка бориб қолган, сайҳонлик шу қадар катта, ўзи шу қадар кичик эмишки, шунча кичкина бошим билан нима ғовға кўтариб юрибман дермиш, кейин баҳайбат тоғлар орасига бориб қолганмиш, катта-катта қоялар тагида, тирноқдай турганмиш-у, буларнинг орасида мен кимман ўзи дермиш, заррачаман-у, эртага  йўқ бўлиб кетаман-у, нимага дунёга жар солиб турибман, бу абадий турувчи коинот устунлари орасида ўзига бино қўйган заррачадай нега бунча ҳовлиқмасам, нимани тузатишни истаб юрибман, нимани даъво қиламан дермиш, шу пайт юқоридан гулдурос солиб ҳарсанг тошлар юмалаб кела бошлабди. У эса битта кавакни сотиб олиш учун, киссасидан минг танга чиқарибди, кавакка кириб олиб, осмонга қараса юлдузлар нур таратиб турган, ҳар битта нур одамларнинг қисмати битилган йўл эмишки, миллион-миллион одамларнинг  ҳар бирининг устидан битта нур туриб бошқараётган, нур қаёққа борса, одамлар ҳам ўша ёққа бораётган, қийналиб, касал бўлиб, ўлим талвасасига тушиб қолганлар, нурга қараб, юр бошқа ёққа борамиз, мени бахтлироқ қил, соғломроқ қил, мен истагандай юр, мен ҳоҳлаган томонга борамиз деса, оҳу-ноласи, юлдузларга эшитилмас, юлдузлар жуда олисда, миллион-миллион чақирим юқорида эканки, одамларнинг дод-войлари фақат ўзигагина, фақат атрофидагиларгагина эшитилар экан. Кўчки тингач, Бекмурод бекиниб олган кавагидан чиқибди-да, боши оққан томонга югуриб кетибди. Югуриб-югуриб бир чаманзордан чиқибди. Унинг ўртасида Гулрухсор юрганмиш-у, Гулрухсор қаёққа юрса, чаманзор ҳам ўша ёққа юрар, гуллар таг-томири билан суғурилиб, унинг орқасидан эргашар, қушлар сайрашиб унга парвона эмиш. Муаттар ҳидлар булут каби унинг атрофида уймалашган, ҳушбўй ҳидларни тутунни пуркагандай пуркаб турармиш. Бекмурод Гулрухсорнинг ёнига борса, унинг кўзи кўкарган, елкалари моматалоқ, худди  тўқсон ёшли кампирдай бужмайиб, тишлари тўкилиб, сочлари оқариб қолганмиш. Бекмурод унинг қўлини ушлаган эди, қўли то билагигача худди ўн етти ёшли қизнинг қўлидай оппоқ, дуркун ва нозик ҳолатга келибди.
— Юзингиз нега қорайиб кетди, Гулрухсор, — деса,
— Эрим ўттиз йилдан бери юзимга тинимсиз урганидан, — дермиш Гулрухсор. Бекмурод унинг юзини силаган экан, унинг юзи худди ўн етти ёшли қизалоқнинг юзидай тарсиллаган, оппоқ, қон толалари кўриниб турган, жозибали, мафтункор чеҳрага айланибди.
— Елкаларингиз нега яғир бўлиб кетди, Гулрухсор, — деса,
— Эрим елкамга  миниб, мени эшакдай ишлатар, ўттиз йил ичида лоақал бир марта силамаган дермиш.
— Оёқларингизга нима қилди, Гулрухсор-деса,
— Эрим итдай ишлатар, итдай дайдиб, санқиланиб рўзғор ташвишида югурардим, топганимда барака бўлмас, борадиган жойимнинг тайини йўқ эди, -дермиш. Бекмурод унинг елкаларини, оёқларини, юрагига қўл солиб, саваланган гўштдай илма тешик бўлиб кетган юрагини кўкрагидан чиқариб, хуллас бошдан оёқ ҳамма жойини бир-бир ушлаб силаган экан, Гулрухсор дунёда тенгги йўқ гўзаллик маликасига айланибди. Ўн етти ёш қизалоқдай кулар, кулганида ҳар тарафга дуру-гавҳарлар сочилар, юрган йўлларида кўм-кўк майсалар очилар, у ушлаган дарахтларда куртаклар япроқ ёзиб, олтин мевалар тугаркан. Кейин, Гулрухсор Бекмуродга қарабди. Унинг нигоҳлари ёғду таратиб, нурлар Бекмуроднинг баданига сингиб кетибди. Бекмурод ҳам ўн саккиз яшар, баданлари тошдай қаттиқ, мушаклари чайир, қадди тик, барваста, кўзларидан шижоат ёқилиб турган, кўкрагига муштласанг қўлинг оғрийдиган йигитга айланибди. Бекмурод ердаги катта харсангни қўлига олиб улоқтирган экан, ҳарсанг тоғлар оша учиб кетибди ва анча вақтдан кейин тоғлар ортидан ҳарсангнинг ерга тушгандаги гумбурлаган овози эшитилибди. Бекмурод гуллардан шу қадар катта майдон ясабдики, баландлиги тоғлардан баланд, кенглиги эса, поёнсизлигидан охири кўринмас эмиш. Бекмурод мана шу гулу-чечаклардан бино қилинган майдоннинг қоқ ўртасига, осмондай чеки-чегараси йўқ гуллар водийсига Гулрухсорни етаклаб борибди. Ҳар иккиси ҳам муаттар гуллар ҳидидан маст бўлиб, бир-бирига термулишар, бир-биридан кўзларини узолмас эмиш. "Ҳеч ким менинг қўлларимни бу қадар кучли ҳарорат билан ушламаган, қўлларингиз худди бир ботмон чўғдай, бутун аъзойи-баданим титраб, ловуллаб кетаяпти, эрим чувалчангга ўхшарди, сиз эса ҳақиқий муҳаббат соҳибқиронисиз, ҳозир шудрингдай, сизнинг қучоғингизда йўқ бўлиб кетаман, — дермиш. Бекмурод уни қучоғига олармиш. Уни эркалаб бағрига босар, ютоқиб ўпар, унинг ичига кириб кетар, унинг ичига кириб, бир йил, икки йил, уч йил беҳуш ётар, эллик йилдан кейин кайф-сафодан ўзига келар, бир кечада ўттиз марта Гулрухсор билан қўшилар, Гулрухсор бир кечанинг ўзида яна ўттиз марта қизга айланар, Бекмурод ўттиз марта ҳам чарчоқ нималигини билмас, куч-қайрати тобора ошиб борар, ўттиз мартадан кейин яна ҳушидан  кетиб сармаст бўлиб, масту-мустағриқлик ишратида яна бир йил, икки йил, уч йил кезиб юрар, эллик йилдан кейин ҳушига келар ва дунёда Гулрухсордан ҳам латофатлироқ, жозибадорроқ, гўзалроқ қиз йўқлигига яна минг бора иқрор бўларди.
Бир пайт Гулрухсорнинг ўғли узоқдан кўзга ташланибди.  У Бекмуродга "Сен отамнинг умрига зомин бўлдинг, ҳозир ҳаммаёққа ўт қўйиб юбораман, онамни қайтариб олиб кетаман” — дермиш. — Искандарнинг ўзи қани, нега ўзи келмади, — дермиш Бекмурод. — Отам келай деганди, йўл йўқолиб қолди, юрай деганди, оёғи қочиб кетди, гапирай деганди, тилини тополмай қолди, сизнинг олдингизга келишга отамнинг юзи йўқ, онамдан шу пайтгача уялмаган отам, энди онамдан уялиб қолди, шунинг учун ўзим келавердим, ҳозир синглим ҳам  келиб қолар, онамни қайтариб беринг, — дермиш.
— Балки, менга ўғил бўларсан, синглингни ҳам қиз қилиб оламан, оналарингни олдида юраверасизлар, сени уйлантираман, синглингни узатаман, икки ўғил уйлаб, анча тажриба орттирдим, энди тўй қилиш менга чўт эмас, мана онангга ҳам маҳрини бериб, никоҳ ўқиттириб уйланиб олдим, катта тўй қилай десам, кўнмади, халққа ош бериб қўя қолдик, ўзимнинг режам бўйича онангни оқ либосга ўраб, келинлар киядиган фата кийгизмоқчи эдим, онанг кўнмади, онанг тўй куни, болалигимизда  "Бой ила хизматчи” спектаклида мен Ғофур, онанг Жамила ролини ўйнаб, чачвонда чиқар, мен оқ яхтак, шойи белбоғда эдим.  Тўй куни Гулрухсор ана шу чачвонни кийиб чиқибди, унинг кўнгли учун мен ҳам оқ яхтак, шойи белбоғ, ироқи дўппи кийиб олдим, тўйимиз жуда зўр ўтди, сенинг ҳам  тўйингни ўзим ўтказиб бераман, кел менга  ўғил бўлиб қўяқол, қўй ўша галварс отангни, — деса, унинг ўғли, — Ия, мен кап-катта йигит бўлиб қолдим, ёш боламидим, қандай қилиб шу ёшда сизга ўғил бўламан, —дермиш ва аста-аста бош эгиб, тисарила-тисарила кўздан ғойиб бўлган эмиш. Гулрухсор  ўғлим, қайтиб келади, қизим ҳам келиб қолади”,  дермиш ва Бекмуроднинг юрагини суғуриб олибди-да ўзи ичига кириб кетибди.
Бекмурод юраги гупурганидан уйғониб кетди. Сўфи бомдод намозига азон айтаётган эди. Бекмурод кўрган тушларидан ҳайратланиб, уч марта: Ла иллаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадун Расуллоҳ, — дея калимаи шаҳодат қайтарди-да, ўнг томонига ўгирилиб ётди, тушида нималар кўрганини элас-элас хотирлади, сўнг, тушига таъбир излаб  қўзғалди.                                                                                                                                                                            
Ҳовли этагига юрди. Оғилхона эшигини очиб, пичанлар ғарами уюлган четанга назар солди. Қорақурт ҳаётини алғов-далғов қилиб ташлаган эди. Қўлига паншаҳа олиб, яна қорақурт бормикан дея, девор зийларини титкилаб кўра бошлади. Майда қумурсқалардан, захқўнғизлардан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Марваридни эслаб кўзига ёш келди. „Шўрлик, яшаб юрса бўлмасмиди? Осойишта ҳаётимни, фаровон турмушимни эгаси экан, бахтимни ҳам, соадатимни ҳам  ўзи билан олиб кетди. Менга азобдан бошқа ҳеч нарса қолдирмабди. Қадрига етмаган эканман... Ҳаммаси остун-устун бўлиб кетди-я...”          
Бекмурод хатми-Қуръон ўқиш учун, Марварид ётган қабристон томон юрди.

Категория: Xikoyalar | Просмотров: 1178 | Добавил: rasulzhon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]