Главная » 2011 » Ноябрь » 16 » Майя қабиласи солномасини ким тўқиб чиқарган ёхуд Ерга яқинлашаётган сайёра сири
23:17
Майя қабиласи солномасини ким тўқиб чиқарган ёхуд Ерга яқинлашаётган сайёра сири
 



XX асрнинг бошида одамлар кейинги юз йилликда яшайдиганлар қанотли уловларда учишади деб ишонишган. Фантаст ёзувчи Артур Кларк эса 2001 йилда одамлар Ой билан Марсни эгаллаб бўлиб, кейин Юпитерга саёҳат қилишади, деб башорат қилганди.

Аслида келажакка қизиқиш инсониятни ҳамма замонларда ҳам қизиқтирган. Айримларнинг башоратлари тўғри чиққан, баъзи фирибгарлар эса бу қизиқишдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишган. Ҳамма замонларда ҳам охири замонни башорат қилиш биринчи ўринда турган. Ҳозиргача ҳам учинчи жаҳон уриши, қиёмат ва Майя қабиласи солномасини башорат қилиш «урф»дан қолгани йўқ. Шу жумладан Нострадамус, Ванга, Вольф Мессинг каби кўплаб машҳур ғойибдан хабар берадиганларнинг ҳаёти сир-синоатга тўлалиги, башоратлари аниқлиги билан ҳамон инсонларнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда.

2011 йилнинг бошида кўплаб башоратчилар қуён йили ўта тинч, осуда ўтади, деб башорат қилишганди. Кенг миқёсдаги шов-шувли ҳодисалар умуман кутилмайди дейишганди. Балки Хонсю оролидаги дунёни ларзага солган ҳодиса башоратчиларнинг кўзига кўринмагандир. Балки юлдузлар ўз сирини очгиси келмагандир ёки башоратчилар ўқишни билишмаган… Нима бўлганини билмадигу, лекин башоартлар нотўғри чиққани аниқ. Унда нега биз уларнинг ёлғон ваҳимасига ишонишимиз керак?

Замонавий башоратчиларнинг гапи ёлғон чиққач, қадимги башоратчиларнинг архивини титкилашга қарор қилдим.

Ванга 2011 йилда ядро ҳалокатининг даҳшатли оқибатларини башорат қилганди. Унинг айтишича Ер шарининг Шимолий қисмида радиоактив чўкиндилардан тирик жон қолмайди, ҳатто ўсимликлар ҳам қирилиб кетади. Демак, у Япониядаги «Фукусима-1» атом электростанцияси ҳалокатини тилга олган.

Настрадамуснинг башоартларида ҳам шунга ўхшаш маълумотларни топиш мумкин. Нострадамус бизнинг асрда ернинг қаттиқ силкиниши ва буюк сув тошқини бўлишини билган. Лекин аниқ манзилини айтмаган.


Бугунга келиб кўплаб хорижий каналлар 2012 йилда бўладиган қиёмат ҳақида бонг уришмоқда. Аслида бу ваҳиманинг тарқалишига бошқа сабаблар ҳам бор. АҚШ китоб дўконларида 2012 йил ҳақидаги китобларга тўлиб тошган. 2006 йилда «2012. Кетцалькоатлнинг қайтиши» китобидан кейин машҳур бўлди. Ушбу китоб бир ой ичида кўп минглаб тиражда сотилди. Бундан ташқари ўша йили Мел Гибсоннинг «Апокалипсис» фильмидан кейин эса Майя қабиласига қизиқиш янада кучайди. Майя солномасига қаттиқ ишонадагиларни тинчлантириш учун эса машҳур башоратчилар узоқ йилларни ҳам башорат қилиб кетишганини айтиб ўтишимиз мумкин.

Масалан, математик, физик, астроном Исаак Ньютоннинг айтишича қиёмат 2060 йилда бўлади. Шу хусусда хориж матбуоти яқин йилларда «кутилаётган» охири замон рўйхатини эълон қилди:

· 2011 йил, 21 апрель — «Терминатор» фильми сюжетига кўра.

· 2011 йил, 21 май — Калифорниялик Гарольд Кэмпингнинг математик ҳисоб-китоби ва Инжилни ўрганиши натижасида.

· 2011 йил, 21 октябрь — Кэмпингнинг назариясига кўра «кечиккан» қиёмат.

· 2012 йил, 21-23 декабрь — Майя қабиласи солномасига кўра вақтнинг тугаши.

· 2018 йил, Мишель Де Нотрдам ядро уруши сабаб дунё тугашини башорат қилган.

Энди Майя қабиласи солномасига қайтадиган бўлсак, бу мулоҳаза қаердан пайдо бўлди? Нега илгари сира тилга олинмагани ҳақида ўйлаб, шунга аниқлик киритиш учун қидириб кўрдим. Маълумки, дунё олимлари Ерга сирли Нибиру сайёраси яқинлашаётганидан хавотирда. Ҳар 21 600 йилда бир марта Ер ва Нибиру сайёрасининг тўқнашуви рўй бериб, ундан олдин ер силкинишлар, вулқонларнинг уйғониши ва сув тошқинлари рўй бераркан. Олдинги тўқнашув натижасида Атлантида ер юзидан ювилиб кетган. Буларнинг барчаси қадимги шумер маданияти битиклари сирини очиш натижасида маълум бўлган. Хўш, бу гапларни биринчи бўлиб тарқатган ким? Изланишлар натижасида Нибиру тадқиқоти ва 2012 йилда охири замон бўлиши ҳақидаги китоб муаллифи Захария Стчин эканини аниқладим. Захария 1922 йилда Баку шаҳрида туғилган бўлиб, Лондонда ўқиб, Исроилда ишлаган. Кейинчалик Нью-Йоркка кўчиб ўтган. Айнан Захария «Ўн иккинчи сайёра» китобини ёзган ва Нибиру сайёраси борлигини дунёга аён қилган. Унинг айтишича, сайёра аҳли вакти-вақти билан Ерга ташриф буюриб туради ва маданиятга асос солиб кетишади. Захариянинг таъкидлашича бу маълумотлар тўқима эмас, балки шумерлар битикларида ёзилган. Лекин бу битикларни Захариядан бошқа ҳеч ким ўқий олмайди. Албатта унинг назарияси кўпчиликнинг кулгисини қистатди, лекин фантаст ёзувчилар, режиссёрлар ва оддий одамлар бу қизиқ ғояни илиб кетишди ва бутун дунёга жар солишди… Кўриб турганингиздек, 2012 йил рўй берадиган қиёмат ижодкорнинг ижод маҳсули бўлиб чиқди. Албатта инсоният барибир башоратларга қизиқишда давом этаверади. Балки ростдан ҳам бир кун келиб Ерда ҳаёт тугар. Лекин бунга нима сабаб бўлиши номаълум. Ким билсин, бунга балки экологик, балки сиёсий ёки иқтисодий инқирозлар сабаб бўлар. Балки ҳаётга бўлган муносабатимиз тубдан ўзгариб, ривожланишнинг янги босқичига ўтармиз. Буни фақат Яратган билади. Башоратлар қанчалик ваҳимали бўлмасин ҳаёт давом этаверади. Бугунги кун учун қуврониб яшаб, яхши ишлар билан ўз келажагимиз ва болаларимиз келажаги учун ҳаракат қилишимиз лозим. Шундай экан фақат яхши нарсаларга ишониб, умид қилиб яшаш лозим.

Жорий йилдаги табиий офатлар

· Учдан бир қисми сув остида қолган Таиланд. Октябр ойининг сўнгги кунларидаги хабарга кўра, Таиланда рўй берган сув тошқини қурбонлари сони 381 кишига етди. Бедарак кетганлар сони эса мингдан ошиқ. Бу офат сўнгги ярим асрдаги энг талофатли деб тан олинди. Мамлакатнинг 76 вилоятидан 26 таси сув тошқинидан зарар кўрди. Айниқса, мамлакат пойтахти Банкокда вазият оғир.

· 23 октябрь куни Туркиянинг Ван вилоятида рўй берган 7,2 балли зилзила қурбонлари 582 кишига етди. Ер силикнишидан зарар кўрганлар сони 4000 кишидан ошиб кетди. 28 октябр куни вайроналар орасидан тирик топилган 13 ёшли бола қутқарилди. У 108 соат уй вайроналари остида жон сақлаган!

· Марказий Америкадаги «Жова» деб номланган кучли довул сабаб келиб чиққан сел110 кишининг умрига зомин бўлди. Миллиондан ошиқ фуқаро зарар кўрди.

· 18 сентябрь куни Ҳиндистонда рўй берган зилзила оқибатида 42 киши вафот этди.

· 2011 йилнинг январь-июнь ойларида Хитойда табиий офатлардан 450 киши ҳалок бўлди, 10 киши бедарак кетди. Йилнинг биринчи ярмида мамлакатнинг 290 млн. аҳолиси зарар кўрди, 2,96 миллион киши эса эвакуация қилинди.

· 11 март куни рўй берган зилзила ва цунами Япониянинг 14 мингдан ортиқ фуқаросининг ёстиғини қуритди. Кўлами кенг — 9 балли ер силкинишига цунами ҳамроҳ бўлган ва натижада юз минглаб кишилар бошпанасиз қолишди. Табиий офат «Фукусима-1» АЭС тизимини ҳам ишдан чиқарди ва атроф-муҳитни заҳарлаб одамлар учун хавфли ҳудудга айлантирди.

Манба: darakchi


Категория: QAYNOQ YANGILIKLAR | Просмотров: 1076 | Добавил: Web_MasteR | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]