19:34 Киракашнинг ҳикояси | |
Чорсу бозорига тушиб, бозорлик қилдим. Сўнг йўлга чиқиб, такси тўхтатишга чоғландим. Ёнимга сутранг, эскироқ «Жигули» келиб тўхтади. Киракашга манзилни айтдим. Кира ҳақини келишдик. Сўнг юкларни юкхонага жойлаб, ҳайдовчининг ён томонидаги ўриндиққа ўтирдим. Борадиган манзилим бир оз олис эди. Киракаш қирқ ёшлардаги эркак бўлиб, анча очиқкўнгил, одамшаванда инсон экан. Биз машинада кўп юрмаёқ суҳбатимиз қовушиб кетди. -Ака,-сўрадим гап орасида,-шевангиздан сиз ҳам бизга ўхшаб вилоятлик кўринасиз. Асли қаерликсиз? -Қашқадарёданман,-жавоб берди ҳайдовчи жилмайиб. Бу жавоб кейинги саволимга туртки бўлди: -Пойтахтда кўпдан бери муқиммисиз? -Ҳа, ўн йилча бўп қолган,-эркак шундай деркан, жиддий тортди. Бир зум тин олгач, кейин яна эски кайфиятига қайтди. Яна бирпас суҳбатлашганимиздан сўнг:-Э, бу ерларга келиб қолишимизнинг тарихи ҳам қизиқ бўлган,-деб қолди. Бу «қизиқ тарих»га қизиқувчанлигим ошди. Киракаш бу қизиқишимни пайқади, чоғи, ҳикоясида илҳомланди: -Ўзи кечмишимни ҳар кимга дастурхон қилаверадиган одатим йўғ-у, лекин негадир сизга… Э… Гап йўғида гап-да, ука! Хуллас, биз ота-онадан тўрт ўғил бўлиб, мен кенжа ўғилдан каттаси эдим. Ука ва акаларим топармон-тутармон, ҳар бирининг тагида машина, яшашлари ҳам данғиллама уйларда эди. Фарзандлардан фақат мен омадсизроқ чиқдим. Туғишганларимдан фарқли ўлароқ мен шахсий машиналарда кўрк тўкиб юриш тугул, ҳатто оилам билан яшайдиган шаҳар четидаги бир хонали каталакдай уйимни икки хоналига ҳам айлантиролмай ҳалак эдим. Ишларим яқинларимники каби жадал эмасди. Аниқроқ қилиб айтганда, муқим бир иш билан шуғулланмасдим. Тўғри, қисқа йиллар ичида бир-иккита ташкилотларда оддий вазифаларда ишладим. Бироқ бир идоранинг бошлиғини феъл-атвори ёқмаса, бошқа ташкилотнинг маоши мени қониқтирмасди. Оқибатда иш танлай-танлай ишсиз қолдим. Бекорчиликдан ёмони йўқ экан. Бекорчиликдаги зиқликдан ҳам кўра, молиявий танглик эркак кишини эзиб қўяркан. Рўзғор кам-кўстлари фақат хотинимнинг тикувчилик ҳунари орқали тушаётган уч-тўрт сўм билангина амал-тақал қопланиб турадиган бўп қолди. Аммо шу пайтларда рафиқам учинчи фарзандимга оғироёқ эди. Бу эса уни ўз ҳунари билан доимий шуғулланиши учун қийинчилик туғдирарди. Қолаверса, барибир бир кишининг топгани икки фарзандлик оилага нима ҳам бўларди. Бора-бора рўзғор янада парокандаликка юз тутди. Менинг бошим қотди. Нима иш қилишни билмасдим. Аксига олиб, то бирор-бир иш топгунимча далда бўлгулик жамғарма пул ҳам йўқ. Мен ўйлай-ўйлай бир қарорга келдим. «Отамдан ёрдам сўрайман. Ҳеч бўлмаса иш топгунимча тирикчилигим ўтиб туриши учун пул беринглар», дейман», деган ўй ўтди хаёлимдан. Тўғри, отам нафақахўр одам, лекин анави бойвачча туғишганларимнинг жилови падаримнинг қўлида, шу боис бу борада фақат унгагина мурожаат қилишим асосли эди. Гаплашдим ҳам, аммо туйқус отамнинг чеҳраси тундлашди. -Энди иш топгунингча сени бола-чақанг билан боқишимиз керакми?-деди зарда билан. Бу гапдан аъзои баданим музлаб кетгандай бўлди. -Ота,-дедим аламим бўғзимга қадалиб,-ҳамиша шундай юрмасман. Ўзимни ўнглаб олсам…-кейинги сўзларим оғзимда қолди. -Менга қара,-чўрт кесди отам.-Ўзингни ўнглаганингда шу чоққача ўнглардинг. Ёшинг ўттиздан ошди. Баъзи сен тенги йигитлар оила, рўзғорни дўндириб қўйиб, эл дуосини ҳам олиб юришибди. Сен эса уялмай-нетмай қари отангдан нон сўраб келиб ўтирибсан-а… Сўнгги гап ич-ичимни ўйиб юборгандек бўлди. Рўпарамдаги инсон отам эмас, бегонадек кўриниб кетди. Аммо падаримнинг кейинги таъналари, «сел» кетидан «дўл» бўлди. -Оила масъулияти-ю, эл хизматини қўя турайлик. Ҳатто ота бўлиб шу чоққача мен сендан нима рўшнолик кўрдим! Катта аканг азалий орзуим ҳажга бориб келишимга сабабчи бўлди. Кенжа аканг ҳар йили санаторийларга жўнатади. Уканг эса доимо ёнимда хизматимни қиляпти. Сен нима қилиб қўйдинг мен учун? Менинг бошим хам бўлди, бу эса уятдан эмас, аламдан эди. Бир хаёлим «Мени ҳам шу ўғилларингиз каби жарақ-жарақ пулим бўлганида, улардан ошириб ўғиллик хизматини бажариб қўярдим», дегим келди-ю, тилимни тишладим. Кейин ўзимча «Демак, пули бор фарзанд фарзанд экан-у, камбағали фарзанд эмас экан-да», деган фикрдан ичимдан қиринди ўтди. Ҳатто хўрлигим келди. Хуллас, шу куни ота уйига ёрдам сўраб бориб, эвазига таънаю маломатларни ортмоқлаб қайтганим қолди. Орадан яна кунлар ўтди. Оиладаги молиявий аҳвол жар ёқасига келди. Хотинимнинг оғироёқ аҳволидан келиб чиқибми, баъзи кийим тиктирувчи доимий мижозлари бирин-кетин қадамини уза бошлашди. Менинг эса ишларим ҳамон «ҳалигинақа». Бу орада катта акам элга дастурхон ёзиб, ўғилчасининг данғиллама суннат тўйини қилди. Базм хурсандчилиги менга юқмади. Бу худбинликдан эмас эди. Ахир ўйлаб кўринг, уканинг рўзғор дастурхонида еярга нони бўлмаса-ю, ака бўлмиш бутун шаҳарга шоҳона дастурхон ёзса. Шу каби ўйлар эзарди мени ўша дамда. Юрагимни аламзадалик каламушдек кемирарди. Шу кайфиятда бир муддат юрдим. Кейин тобора танглашаётган тирикчилик қайғуси аламзадалик туйғусига устиворлик қилди. Бу гал отамни четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри акаларимнинг ўзидан ёрдам сўрашга аҳд қилдим. «Жуда бўлмаса қарз сўрарман», деган ўй ҳам хаёлимда йўқ эмасди… …Тўнғич акамнинг хонадонига кириб борганимда у уйида экан. Мени очиқ чеҳрада қаршилади. Унинг мамнун қиёфасидан келиб чиқиб муддаомни айтишда журъатлироқ бўлдим. Акам аввалига тараддудланиб қолди. Кейин шунча мулки бор бойваччага мутлақо ўхшамаган тарзда юзида бечоравашлик ифодаси пайдо бўлди: -Сенга жон-жон деб ёрдам берардим-у, лекин шу кунларда ўзим ҳам… Биласан, яқингинада тўйдан чиқдим… Кўнглим ғалати бўлиб кетди. Тилимга келган сўзларни тийиб туролмадим: -Ака, мен қарз сўраяпман, еб кетарга эмас. Худо хоҳласа ишларимни ўнглаб олишим билан узаман. Акам безовта типирчилади. Сўнг истамайгина деди: -Ука, агар имконим бўлганида, қарз деган сўзга жой қолдирмасдим. Ишон, ҳозир умуман шароитим йўқ. Шундан сўнг гапимиз кўпга чўзилмади. Мен акамнинг данғиллама кошонасидан тарвузим қўлтиғимдан тушиб қайтиб чиқдим. Сўнг охирги илинжда кичкина акамнинг уйига бош суқдим. Аммо мақсадимни баён қилишга улгурмай, кенжа акам гўё мени пул сўраб келишимни олдиндан сезгандай, ўз молиявий аҳволидан шикоят қила кетди. Шаҳар четидаги чала битган далаҳовлисини тўлиқ битказиш учун маблағи бўлмаётганидан тортиб, машинасининг мотори шалдираб таъмирталаб бўлиб қолганигача тўкиб-солди. Гапим дилимда қолди… *** Қисқаси, яқинларимдан қўлимни ювиб қўлтиғимга урдим. Шу жойда айтишим жоизки, бот-бот раҳматли онамни эслайдиган бўлиб қолдим. «Отам-ку, бағритошлик қилди. Лекин онам ҳаёт бўлганида акаларимни инсофга чақириб қўйган бўларди», деган ўкинчли ўйлар эзарди мени. Бироқ бундай эзилиб ўтиравериш ҳам айни аҳволимга тўғри келмасди. Нимадир қилиш керак. Ўз яқинларим қайишмаганда ошна-биродарлардан ҳам умид қилиб бўлмасди. «Ўзинг учун ўл етим» деганлари шу бўлса керак-да! Кейинги воқеалар жуда тез тус олди. Мен беоқибат қондошларим билан бир шаҳарчада яшашни ҳам истамай қолдим. Эндиликда ота ва туғишганларимга нисбатан аламзадалик нафратга айланганди. Шу туйғу турткиси билан «Уйни сотаман-у, бола-чақани вақтинчага қайнонамнинг уйида қолдириб, ўзим Тошкентга кетаман. Бориб бирор тижорат билан шуғулланаман. Кейинчалик ўзимни ўнглаб олсам, ижарага жой топиб, оиламни кўчириб кетаман», деган режа уйғонди. Хотинимнинг қаршилигига қарамай, режамни рўёбга ҳам чиқардим. Сотилган уйнинг пулини сумкага жойладим-у, йўлга отландим. Лекин афсуски, мусофиротда мени омад эмас, кулфат кутиб тургани етти ухлаб тушимга кирмаганди. Бегона шаҳар ҳаётига ҳали мослашишга улгурмай туриб бор-будимни ўғирлатиб қўйдим. Ўша пайтдаги аҳволимни эсласам, ҳозиргача юрагим увишиб кетади. Ўша онда дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетганди. Ишонсангиз, ўзимни бирорта машинанинг тагига ташлаб, жонимга қасд қилишга ҳам рози бўлиб кетгандим… Ноилож, мен орзу қилган шаҳардан насибам узилиб, ортга қайтдим. Бошида бу кўнгилсизликни хотинимдан сир тутишга уриндим, аммо касални яширган билан иситмаси ошкор қилганидек, сирим кўпга чўзилмади. Рафиқам аввалига йиғлади-сиқтади, сўнг тақдирга тан берди… Ҳикоя шу жойига келганида биз манзилга етиб келдик. Киракаш суҳбатдошим «шошилмаяпсизми?» деган маънода тин олиб, менга боқди. Сўнг ундан диққатимни узмай тикилиб турганимни кўриб давом этди:-Бир-икки кун уят-андишани йиғиштириб бўлса-да қайнонамнинг уйида яшаб юрдим. Отам ва акаларимнинг олдига ўтишни эса асло истамасдим. Аламим, нафратим сўнмаганди. Ҳатто бошимга тушган кўргуликка ҳам фақат яқинларимни айблардим. Мана шундай кунларда укам йўқлаб келди. «Сизни отам чақиряпти», деб қолди. Аниқ сезиб турибман, борсам отам олдингидан ҳам баттар таънаю маломатларга кўмиб ташлашини. Лекин энди бундан нима наф. Шундай бўлса ҳам бордим. Отам мен тасаввур қилгандек тунд қиёфада эмас, алланечук маҳзун чеҳрада ўтирарди. Икки акам эса унинг ёнида. -Бор гапни келиндан эшитдим,-гап бошлади отам.-Бошингга шундай мушкулот тушибдийкан, нега бир келмайсан? Тўғри, олдин сендан ёрдамимизни дариғ тутгандирмиз. Лекин у бошқа масала. Чунки ўшанда сени ҳаётда қийналиб кўзингни очилишини истардим. Сен бирор-бир ишнинг этагидан маҳкам тутмасдинг. Оиланг олдида ҳам ўта масъулиятсиз эдинг. Акаларинг кўп марта сенга ёрдам қилишмоқчи бўлишди. Аммо ҳамиша уларнинг шаштини мен қайтариб келдим. Яна такрор айтаман. Мен сени қийналиб бўлса-да ўз йўлингни топиб кетишингни истардим. «Қўл билан берганга қуш тўймас», деган нақл бор. Аъзои баданим увишиб кетгандай бўлди. Назаримда, кўз ўнгимдаги хира парда кўтарилиб, яқинларимнинг ҳақиқий чеҳрасини кўрдим. «Демак, отам бекорга ўшанда мени… Акаларим эса отамнинг талабидан ўтолмай…» деган пароканда ўйлар исканжасида қолдим. Отам акаларим томон юз бурди: -Ҳамиша иниларингга ёрдам қилишни истаб, мени ҳоли жонимга қўймасдиларинг. Мана, фурсати келди. Эртагаёқ шароитларингни қилиб келинглар,-сўнг яна менга юзланди:-Йиғилган пулларни олиб, уканг билан Тошкентга жўнайсан. Бориб бирор камтарроқ бошпана сотиб ол. Пулдан орттирсанг, ўша ёқларда бирор иш билан шуғулланарсан. Яна ўйлама, мен сени бу ерлардан қуваётганим йўқ. Сени уйингни сотиб, пойтахтга ишлагани кетганинг ҳаммага овоза бўлиб бўлган. Фақат уйнинг пулини ўғирлатганингни билишмайди. Мен энди эл-юрт олдида юзим шувут бўлишини истамайман. Шу дамдаги аҳволимни тасаввур этсангиз эди. Падаримнинг бу мурувватидан сал бўлмаса йиғлаб юборай дедим. Ҳа, ота барибир ота экан. Шу жойда у бир зум тин оларкан, жилмайди: -Мана бу тулпорни ўшанда пулдан орттириб сотиб олгандим. Шундан буён киракашлик қиляпмиз-да… Мен истиҳола билан сўрадим: -Отахондан ҳозир тез-тез хабар олиб тургандирсиз? -Отахон ҳозир шу ерда-шифохонада. Бир оз тоби йўқроқ эди, даволатяпман.Энди кеч бўлса-да ўғиллардан бизнинг ҳам нафимиз тегсин-да! Мен мамнун бош ирғадим. Сўнг сумкаларимни юкхонадан олиб, киракаш билан хайрлашдим… Орадан икки кун ўтиб ушбу ҳикояни ёзиш менга насиб этди. | |
|
Всего комментариев: 0 | |