Главная » 2011 » Ноябрь » 6 » «Кимга маза? Аёлгами, эркакка?»
22:44
«Кимга маза? Аёлгами, эркакка?»

«Кимга маза? Аёлгами, эркакка?»


ayol va erkak

Аёл бўлиш яхшими ёки эркак? Аёллар эркакларга маза, дейишади, эркаклар эса хотин бировнинг ҳимоясида эканлигини, ишламаса ҳам эри боқиши мумкинлигини, доимо иззатдалигини назарда тутиб, «аёл бўлишнинг нимаси қийин?» дейишади. Аслида буларни очиқроқ билиш учун уларнинг сўзларига қулоқ тутишнинг ўзи кифоя. Энг муҳими, ҳар икки жинс вакили бир-бирига суянчиқ, бир-бирига керак!

Эркак бўлиш маза!

Чинданам эркак бўлиш маза! Эрталаб ҳаммадан барвақт турмайсан. Бир кун бўлсаям ухлаб қолсанг, нега нонушта тайёр эмас, деб гап эшитмайсан. Кечқурунга нима овқат пиширай, деб бош қотирмайсан, тикувчи кўйлагингни бузиб қўйса сиқилиб ўтирмайсан. Қўшнинг ҳар куни янги кўйлак кийсаям парво қилмайсан. Дугонам яна тилла тақинчоқ сотиб олибди, деб кайфиятинг тушиб кетмайди. Умрингнинг чорагини сартарошхонада ўтказмайсан.

Эркак бўлиш зўр! Доим икки қўлингда тўрттадан халта бўлмайди. Қизинг қайси боғчага боришини, ўғлинг нечанчи синфда ўқишини билмасанг ҳам, ҳеч ким уят қилмайди. Шанба-якшанба кунлари кўчадан бери келмасанг ҳам, биров бир нарса демайди. Телефонда атиги уч дақиқа гаплашасан ва телевизорнинг пульти ҳамиша сенда!

Эркак бўлишга нима етсин! Ишга жойлашишингда қадди-қоматингнинг умуман аҳамияти йўқ.

Эркаксан-да, шампан виноси ва бошқа ҳамма банкаларни бемалол оча оласан. Яна бир муҳим томони, дўстларинг учун вазнингдаги ўзгаришнинг умуман фарқи йўқ. Ич кийимларинг арзон, ҳамкасбларинг камситолмайди.

Буям ҳаммаси эмас, 30 ёшда бўйдоқ бўлсанг ҳам биров бир нарса демайди. Шўрлик «ўтириб» қолибди-ку, деб эр топишга ҳаракат қилмайди. Учта пойабзалинг бўлса, йилнинг тўрт фаслига етади. Хонага кирганингда «анақароқ» латифа тўхтатилмайди. Сочингни олдириб келган кунинг биров эътибор бериши шарт эмас. Фақат сартарош сепган атир сассиқ бўлмаса, бас. Уйда йўқлигингда чойхонада гапда эдим, деган баҳона тайёр. Мабодо гапинг ёлғонлиги билиниб қолсаям, «эркакчилик», деб оқлайсан.

Ҳамиша дастурхоннинг тўрида ўтирасан. Овқатни биринчи бўлиб бошлаб берасан. Баланд пошнада юрмайсан. Фамилиянгни ўзгартирмайсан. Ажинлар ҳақида ўйламайсан.

Аёл бўлиш яхши!

Аёл бўлишнинг ўзига яраша яхши томонлари кўп. Наҳорги ошга боролмаслигингни ҳисобга олмаганда, хурсанд бўладиган нарсаларинг анча. Соқол-мўйлов муаммоси йўқ. Соатлаб гапириб чарчамаймиз. Машина ҳайдаганда йўл қоидаларини бузмаймиз. Қўшниникига элакка чиқсак, эллик оғиз гапни топамиз.

Макримиз оз эмас, кўп эмас, нақ қирқ туяга юк бўлади. Хоҳласак эрни эр қиламиз, хоҳласак қаро ер. Худога шукр, эркаклардан кўра кўпроқ умр кўрамиз. Эркаклар учун илҳом париси ҳам биз. Юз оҳангга солиб куйдирадиган ҳам, суйдирадиган ҳам ўзимиз. Кал бўлишдан қўрқиш нималигини билмаймиз. Баъзида «гап»га, баъзида «чап»га эмас, фақат «гап»га борамиз! Шунинг учун биров кўриб қолса-я, деган хавотирда юрмаймиз. Хотиндан аламини олиш нималигини билмаймиз. Ҳар куни бозор айлансак ҳам зерикмаймиз.

Аёл бўлиш яхши! Ётоқхонадаги кийим шкафининг ярмидан кўпи сеники. Чунки эр топиб келган пул қўлимизда. Эржонимизнинг топиб-тутганини истасак бир кунга, истасак бир ойга етказамиз. Рўзғорда минг сўм ҳам қолмаган тақдир ҳам бизда эллик минг сўм ҳамиша топилади. Гап билан эришолмаган мақсадимизга «ядро қуроли»миз бўлмиш йиғи билан албатта эришамиз.

Шунақа, ҳурматли эркаклар, орзуингиздаги аёлни топган бўлсангиз бошқа орзуларингиз билан хайрлашаверинг.


Категория: Xikoyalar | Просмотров: 1119 | Добавил: Web_MasteR | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]