Главная » 2011 » Октябрь » 31 » Яқин қариндошлар никоҳи нима учун хавфли?
21:19
Яқин қариндошлар никоҳи нима учун хавфли?


Фазилат ўзи бирга ўйнаб катта бўлган амакиваччаси Баҳром билан кун келиб бир ёстиққа бош қўйишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Улғайганида ҳам уни ўз акасидек кўрарди. Балоғат ёшида улар ҳатто бир-бирига сирдош эди: Баҳром ўзи кўнгилқўйган қиз ҳақида Фазилат билан соатлаб суҳбатлашар, Фазилат ҳам ортидан эргашиб юрган тенгдош йигитлар тўғрисидаги сирларини фақат у билан ўртоқлашарди. Вақт ўтиб, ҳар икки оила катталарининг қарори уларни довдиратиб қўйди. Ёшларнинг «уни синглимдай (акамдай) кўраман-ку» деган гапларига жавобан «ҳали ёш-да, ниманиям биларди булар», дея кулиб қўя қолишди. «Бегонадан кўра ўзимизники яхши!» Ана шу қарор туфайли икки сирдош «ака-сингил» турмуш қуришди. Аввалига ҳаммаси яхшидек эди, бироқ… кетма-кет икки фарзанднинг туғма нуқсонлар билан дунёга келиши ёмғирдан олдинги чақмоқдек юракларни ларзага солди. Тўйдан олдин «шунча ака-ука, опа-сингиллар қуда бўлаяпти, ҳеч нима қилгани йўқ-ку, ўзингникидан қўймасин», дея ҳеч кимга гап бермаган аммаю холалар ҳам, «э, ваҳима қилманглар, фалончилар ҳам қариндош, ана, болалари чопқиллаб юрибди, соппа-соғ», дея оила келажагини ўйлаб куйинганларни койиган тоғаю амакилар ҳам мум тишлаб қолишди. Рост-да, энди бирор гап айтишдан не наф? Ғишт қолипдан кўчиб бўлганди… Энг сўнгги чора — тўғри хулоса қила билиш. Бир пайтлар газетада яқин қариндош билан қуда бўлмаслик маъқуллиги ҳақида қисқагина мулоҳаза чоп этганимизда таҳририят телефонлари тинмаганди. Қуда бўлган қариндошлар ёки шу арафада турганлар эътироз билдиришганди. Ўзаро қуда-анда бўлиб, «оғзи куйган»лар эса ўзидан ўтганини ўзи билади. Аммо биз бир четда чапак чалиб туролмаймиз. Аслида нафақат биз, сиз ҳам бундай ҳолатларга бефарқ бўлмаслигингиз лозим. Ахир соғлом фарзанд — соғлом оила, соғлом жамият, соғлом миллат дегани. Ахир ҳар биримиз шу жамият, шу миллатнинг вакилимиз. Яқин қариндошлар никоҳи эса миллатнинг ирсий заифлашувига олиб келувчи омиллардан саналади. Юрагингизнинг туб-тубига назар солиб кўринг: келажакда ҳам ўзбекмиз деб кўксимизни кериб юришимиз учун келажак авлоднинг ҳар томонлама соғлом бўлишига эришишимиз қанчалик муҳимлигини англайсиз. Гапнинг индаллосини қилиб, келинг, мутахассисларга мурожаат этамиз. Қонунчилигимизда… Робахон АБДУРАСУЛОВА, Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси: —Ўзбекистон республикаси Оила кодексига асосан яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ тақиқланади. Мазкур Кодекс қариндошлар ўртасидаги муносабатларни меъёрлаб қўйган. Унинг 16-моддасига асосан,насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди. Чунки фарзандликка олувчи шахс ота-онанинг ўрнини босади. Фарзандликка олиш муносабатлари ҳам тўғри чизиқ бўйича яқин қариндошликка тенглаштирилади. Мазкур модда билан ман этилган яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузилса, бу никоҳ ушбу Кодекснинг 49-моддасига асосан ҳақиқий эмас деб топилади. Оила Кодексининг 57-моддасида қариндошлик даражаси белгилаб қўйилган. Бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади. Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан - учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо. Икки шахс ўртасида қариндошликнинг узоқ-яқинлигини аниқлашда даражаларнинг сони ёки шу шахслардан бирининг ўзини ҳисобга қўшмай туриб, ундан келиб чиққан авлодлар сони ҳисобга олинади. Ҳисоб аждодлар томон тўғри шажара бўйича улар учун умумий бўлган шахсга (аждодга) қараб ва ундан эса, авлодлар томон — улардан бошқасига қараб олиб борилади. Агар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолларни инобатга олиб, оила қурилса, у мустаҳкам бўлади,келажак авлод баркамоллигини, қолаверса, халқимизнинг келажагини соғломлаштиришни таъминлайди. Шариатда… Шайх Абдулазиз МАНСУР, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари: — Қуръони каримда Аллоҳ таоло оила, никоҳ ва талоқ масалаларини баён этиб, маҳрам ва номаҳрам ким эканини бирма-бир зикр этган. Жумладан, «Нисо» сурасининг 22-23-оятларида шундай дейилади: «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг. Магар илгари ўтган бўлса (улар кечирилади). Албатта, бу қабиҳ, жирканч ва ёмон йўлдир. Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёллар) бу — оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган «она»ларингиз, эмишган «опа-сингил»ларингиз, қайноналарингиз, жинсий яқинликда бўлган хотинларингизнинг қарамоғида бўлган қизлари — жинсий яқинликда бўлмаган бўлсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас — яна, ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларидир. Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва марҳаматли зотдир». Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам ўз ҳадиси шарифларида кимлар ўртасида никоҳ жоиз бўлмаслигини баён этганлар. Жумладан: 1. «Насаб жиҳатидан кимлар бир-бирига никоҳланиши тақиқланган бўлса, эмикдошлар ўртасида ҳам никоҳ жоиз эмас» (Бухорий ривояти). 2. «Ҳеч бир аёл ўз аммаси ёки холаси устига никоҳланмайди». (Бухорий ва Муслим ривояти). 3. «Ҳеч бир аёл ўз аммаси, холаси, ака-укаларининг қизлари, опа-сингилларининг қизлари устига никоҳланмасин. Агар никоҳлансалар, қариндошлар ўртасидаги силаи раҳмни (қариндошлик риштасини) узган бўладилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Ўрталарида никоҳ жоиз бўлмайдиган ҳолат икки хил бўлади: абадий ва муваққат. Абадий ножоиз ҳисобланган никоҳ бу — насаб туфайли маҳрамлар — эркак кишининг ўз қизи, ўғлининг қизи, қизининг қизи ва уларнинг зурриёди, яна онаси, момоси, онасининг онаси, отасининг онаси ва ҳоказо — энг юқоригача. Шунингдек, опа-сингиллари, ота бир опа-сингиллари, она бир опа-сингиллари, опа-сингилларининг қизлари, қиз набиралари, ўғилларининг қизлари, ака-укаларининг қизлари, уларнинг зурриёдидан бўлган қизлар. Амма, холалар ҳам абадий маҳрам ҳисобланади. Булар абадий маҳрамлигича қолади. Қудачилик туфайли маҳрам бўлиб қолиш икки хил — абадий ва муваққат. Абадийлари — қайнона, ота ва боболарнинг хотинлари, ўз пушти камаридан бўлган ўғилларининг хотинлари, хотинининг қизлари ва набира қизлари. Муваққат ножоиз никоҳ бу — хотинининг опа-сингиллари, унинг амма-холалари билан бўладиган никоҳдир. Бунда опа-сингилдан бири талоқ қилинса ёки вафот этса, иккинчисига никоҳланиш жоиз бўлади. Шунингдек, хотинидан ажрашган эр унинг аммаси ёки холасига уйланиши мумкин. Эмизган аёл эмган боласига нисбатан туққан онаси каби барча узоқ-яқин қариндошлари билан бирга хеш бўлиб қолади. Лекин эмизган онанинг фарзандлари эмган боланинг бошқа туғишган ака-ука ва опа-сингилларига бегона ҳисобланади. Демак, ислом дини таълимотига кўра, қариндошларнинг барчаси эмас, балки оят ва ҳадисларда аниқ кўрсатилганлари билан турмуш қуриш жоиз эмас. Тиббиётда… Ҳамида МАҚСУДОВА, Республика акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази тиббий ирсият маслаҳатхонаси бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор-генетик: — Кўп ҳолларда яқин қариндошлар ўртасида туғилган болаларда ирсий касалликлар яққол намоён бўлади. Дунё олимларининг таъкидлашича, бугунги кунда ирсий муаммоларга 80 фоиз ҳолларда қариндошларнинг ўзаро никоҳи ва экологик муаммолар сабаб бўлмоқда. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳда ота-оналар кўринишидан соғлом бўлсалар-да, фарзандларининг ирсий касаллик билан туғилиши хавфи юқори бўлади. Аслида ирсий муаммолар ҳар биримизда мавжуд. Фақат улар яширин тусда бўлади. Қачонки инфекция ўчоқлари, камқонлик каби ҳолатлар юзага келганда улар «бош кўтаради», яъни ўзини намоён этади. «Ген ташувчи»лар учрашганда, агар улар бир-бирига бегона бўлса, туғилажак болада ирсий касаллик бўлиш хавфи камроқ, агар улар ўзаро қариндош бўлса, бу хавф 3-4 баравар кўпроқ бўлади. Баъзилар «фалончилар ҳам қариндош, лекин болалари соғлом туғилган», деган ўй билан қариндош-уруғлар никоҳига монелик билдирмайди. Аммо муаммо шундаки, ирсий касалликлар фақат туғилган пайтдагина намоён бўлавермайди. Улар турли ёшда билинади. Масалан, ҳатто 35 ёш ва ундан кейин ҳам юзага чиқиши мумкин. Бундай касалликлар ҳеч бўлмаганда невараларда намоён бўлади, яъни яқин қариндошлик никоҳи асоратлари бир авлодда кузатилмаса, кейинги авлодда албатта юзага чиқади. Шунинг учун тиббиётда ҳам яқин қариндошлар никоҳи тавсия этилмайди. Ижтимоий ҳаётда-чи? Демак, қонунчилигимизда ҳам, шариатда ҳам, тиббиётда ҳам яқин қариндошлар никоҳи борасидаги чекловлар белгилаб қўйилган. Ҳамма гап уларга амал қилишда. Афсуски, ижтимоий ҳаётда яқин қариндоши билан никоҳланаётганлар учраб турибди. Тўғри, биз эркин фуқаролик жамиятида яшаяпмиз. Бизда инсон ҳуқуқлари қонун ҳимоясида. Аммо шуни англашимиз керакки, бу борадаги барча саъй-ҳаракатлар келажак авлод саломатлиги, миллатимиз келажагига қаратилган. Ўзаро қуда бўлиш арафасидаги, тўй тараддудидаги ака-укаларнинг рафиқаларига мурожаатимга жавобан уларнинг гаплари мени ҳайратга солди: «ўғилларимиз бегонанинг қизини бахтли қилгунча ўзимизнинг қизларимизни бахтли қилсин!» Агар бу гапни бошқадан эшитганимда умуман ишонмаган бўлардим. Ахир бахт «бу — ўзимизники», «бу — бегона» деган тамойилга асосланмайди-ку?! Гўёки ўша бахтни «бегона»ларнинг қизидан қизғаниб, «ўзингиз»никиларга илинаяпсизми? Ахир бахт «таниш-билишчилик» деган «қоида»ни билмайди! Унга эришиш учун ҳам ақл билан иш юритиш керак эмасми?! Тақдирнинг ўзи сизларни қариндошлик ришталари билан туташтириб қўйган ахир! Бу риштани мустаҳкамлаш ниятида қуда-анда бўлиб, охир-оқибат аксинча, юзкўрмас бўлиб кетганлар камми ҳаётда?! Қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш учун бир-бирингиздан ҳол сўраб, қўллаб-қувватлаб туришингизнинг ўзи кифоя. Шариатда ҳам силаи раҳмнинг қанчалик хайрли амал эканлиги айтилади. Хуллас, ота-оналар фарзандларининг бахтли бўлишларини исташса, соғлом авлодга, болаларнинг баркамоллигига эришиш энг олий мақсад эканлигини тушуниб етишлари зарур. Тўғри, биргина мақола билан ҳаммага бирдек таъсир кўрсатиб бўлмайди. Ҳамма учун хулоса қилишга менинг ҳаққим ҳам йўқ. Ўқиганларингиздан, эшитганларингиздан ўзингиз хулоса чиқаринг. Бизнинг мақсадимиз эса сизга бу борадаги маълумотларни етказиш ва хулосани тўғри чиқаришга ундаш.
Категория: Xikoyalar | Просмотров: 1136 | Добавил: Web_MasteR | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]