20:00 Эркин Комилов: “ҲАММАГА МАНЗУР БЎЛАМАН, ҲАММАДАН ЗЎРМАН, ДЕГАН АКТЁР ЯНГЛИШАДИ!” | |
Эркин Комилов: "ҲАММАГА МАНЗУР БЎЛАМАН, ҲАММАДАН ЗЎРМАН, ДЕГАН АКТЁР ЯНГЛИШАДИ!”
Санъат оламининг жавоҳирлари сафида ардоқланадиган бу актёрни таниган, билган борки, унинг тантилиги, сўзларни ўз ўрнида ишлата билиши, машаққатларни муносиб тарзда енга олишига ҳавас қилади.
Бугун Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов билан ошкора суҳбат қурамиз. Бу суҳбат сизга жуда кўплаб ҳақиқатларни очиб берса ажаб эмас...
Санъатга интилиш борасида
– Биласизми, биз cанъат институтига "шу соҳанинг вакили бўламан, яхши актёр бўламан”, деб ўз кучимиз билан ўқиб, интилиб кирганмиз. Ҳозир ота-оналар "машҳур бўлиб юрасан”, деб фарзандларини ўша институтга киришга мажбур қилишади. Бизнинг ота-онамиз эса санъаткор бўлишимизга тиш-тирноғи билан қарши чиқишганди.
– Демак, бугунги талпинишлар санъатнинг юксалганидан дарак беради...
– Ким билади дейсиз (кулади). Назаримда ҳар бир соҳа эгаси ўз касбини ривожлантиргани маъқулмикан? Қўшиқчи рол ўйнаяпти, рол ўйнаган қўшиқ айтяпти. У шоҳдан бу шохга сакрайверсангиз, кун келиб бир овчининг ўқига дучор бўласиз-да.
– Балки, бу ерда "Бир йигитга қирқ ҳунар ҳам оз” мақолини қўллаш керакдир?
– Йўқ, бу мақол ўша пайтда йигит киши очидан ўлмасин, деган мақсадда айтилган. Жойи келганда йигит девор уришни билсин, боғбонлик қилсин ва ҳоказо. Қўлидан ҳамма нарса келсин учун. Санъатдаги кўчиб юришлар учун эмас.
– Фикрларимиз моддийликка бориб тақалаётган бўлса-чи?
– Ҳеч ким очидан ўлаётгани йўқ. Ойлик маошга яшаб ҳам ўз соҳасида муваффақиятларга эришаётган, шунинг ортидан ном таратаётган қанчалаб одамларни бунга мисол қилиш мумкин. Келинг, икки қаватли иморат қуриб яшамайлик, хориж машинасини минмайлик. Ўзимизнинг "Матиз”ни минсак ҳам обрўйимизни сақлаб юрайлик.
– Санъат пулнинг ортидан қувиш эмас, демоқчисиз...
– Ҳа. Санъат одамларни ҳайратга солиш. Саҳнада ижро этаётган ролингизга одамлар ҳайратланиб қараб туриши лозим. Масалан, Саъдихон Табибуллаев, Қудрат Хўжаев, Махсум Юсупов, Шукур Бурҳонов, Амин Турдиев, Зайнаб Садриева каби актёрларимизнинг бир-бирини такрорлайдиган образларини айтиб бера оласизми? Йўқ. Уларнинг ҳар бир ижроси томошабинни ҳайратга сола олар эди.
Режиссёрлик борасида
– Нега ўзингиз режиссёр сифатида асарлар қўймайсиз?
– Қўлимдан рол ижро этиш келар экан, нега режиссёрлик қилишим керак? Ролимни томошабинлар қабул қилиб, олқишлаяптими, демак, оқсаб қолганим ёки шу ишнинг уддасидан чиқа олмай қолганим йўқ. Қолаверса, мен режиссёрликни эмас, актёрлик факультетини тамомлаганман. Режиссёрлик – мураккаб соҳа. Бундай ўйлаб қарасак, Ўзбекистонда ўзи саноқли яхши режиссёрлар бор экан.
– Сиз тан оладиганми ёки...
– Умуман тан олинганлар. Атрофимизда бугун кино ишлаб, кўзимизга режиссёрдек кўринаётганлар эмас, балки тан олинган, салоҳиятли режиссёрлар саноқли экан.
– Масалан, улар кимлар?
– Жаҳонгир Қосимов, Иброҳим Расулов, Зулфиқор Мусоқов, Рустам Саъдиевни айтишим мумкин. Гарчи Рустамнинг қўлида бирортаям рол ўйнамаган бўлсам-да. Лекин қўйилаётган фильмларида нимадир бор. Театрда Валижон Умаров, Олимжон Салимов мана шулар. Қаранг, бармоқ билан санарли.
– Режиссёр умумий миқёсда тан олиниши учун нима қилиши керак?
– Яхши асар суратга ола билиши ва кино-театр санъатини давомчисига айлана оладиган актёрларни кашф қила олиши лозим.
– Сўнгги пайтларда режиссёрларимиз яхши актёрларни кашф эта олишди-ку. Масалан, Улуғбек Қодиров, Фаррух Соипов, Адиз Ражабов, Алишер Узоқов каби...
– Тўғри, булар яхши актёрлар. Лекин уларнинг роллари орасида "оҳ” дейдиган образлар йўқ. Ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бир хил. Буларни ажрата билиш учун кучли режиссёрлар керак, деяпман. Битта актёрни кетма-кет фильмларида ўйнатавериш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Майли, ўйнатсин. Лекин кейингисида бутунлай бошқа образда уни синасин. Ички туғёнида янгилик кўрайлик. Янгилик бўлмаяпти-да. Ҳозирги саналган актёрларимиз мендан хафа бўлишмасин, тўғрисини айтяпман. Омадим келди, бугун тушиб қолай, деб эмас, ҳеч бўлмаганда ўзининг актёрлик кўнгли учун яхши ролларни талаб қилишни билишсин. Ҳедеб кинода кўриниш "мен зўр актёрман”, деган маънони билдирмайди. Балки унинг обрўсига путур етказади.
– Актёр учун яхши режиссёр қандай бўлиши керак?
– Агарда актёрни ўзига бўйсундириб, букиб олса, у зўр режиссёр ҳисобланади.
– Сизга энг ёқадиган режиссёр?
– Санжар Шодиев ҳам режиссёр сифатида менга ёқди. Нима демоқчилигини айта олади. Энг тан олган режиссёрим – Иброҳим Расулов. Юрагингизга калитни тўғри сола олади. Одамни қийнамайди. Шунинг учун уни жуда ҳурмат қиламан.
– Хусусий ўзбек киносига назар солиб нима деган бўлардингиз?
– Ўзбек киноси фақат Ёдгор Саъдиев, Мурод Ражабов, Эркин Комилов, Убайдулла Омондан иборат эмас, деган бўлардим. Пойтахтда бўлмаса, вилоятларда бизни ортда қолдириб кетадиган актёрлар талайгина. Нега режиссёрлар улардан фойдаланишмайди? Масалан, Убайдулла Омонни ҳам қайсидир режиссёр топиб келди ва энди ҳамма унга ёпишди. Ҳар бир режиссёр худди Бақоевга ўхшаган катта юракли актёрларни қидириб топиши ва кашф қилиши керак. Биздан зўрлари йўқ эмас, фақат уларни топиб келиш керак холос. Бизнинг бахтимиз нима? Кучли, салоҳиятли устозлардан сабоқ олиб қолганимиз. Ҳаммага манзур бўламан, ҳаммадан зўрман, деган актёр янглишади!
Актёрлигига оид
– Нимани тан олмайсиз ёки нимага тан бермайсиз?
– Ўзим бажара оладиган, ўйнай оладиган ролларимга тан бермайман, қойил ҳам қолмайман. Негаки, ўзим ундан ҳам яхшироқ қилиб ижро этишим мумкин. Қилолмайдиган, бажара олмайдиган ишларни эса кўрмаяпман.
– Вақт ўтяпти. Киноларда камнамосиз...
– Майли, вақт ўтсин. Ўтаётган вақт оралиғида ўзини ушлаб қола олмайдиган ролни ўйнагандан ўйнамаган яхши. Очиғи, шу пайтгача сценарий менга ёқмаса ёки унда ўзимни кўрмасам, "шунча пул берамиз", дейишганига қарамай рози бўлмадим. Қолаверса, мен рекламага муҳтож санъаткор ҳам эмасман. Бундан ташқари, фильмларда тез-тез чиқиб турсам, яхши пул топаман, деб ҳам санъатга қадам қўйганим йўқ.
– Кинода ўзингиз "оҳ” деб ўйнаган образ учрадими?
– Афсуски йўқ! "Сув ёқалаб” фильмидаги образимни салгина юрагимга яқин бўлди, дейишим мумкин. Лекин бутун ички дунёйим билан кириб кетиб, ижро этган ролим бўлмади. Театрда эса ўйнаганман. Қанийди, режиссёрларимиз бизнинг театрга келиб, спектаклларни кўрсайди...
– Бунда ўзингиз уларни чорлаб, ташаббускорлик кўрсатсангиз бўлмайдими?
– Ташаббускорлик (жилмаяди). Ўйлаб кўринг, фикр тугаб, нуқта қўйилгандан кейин, бошланган янги сўзнинг биринчиси ўзига урғу оладими? Шундай дея биттасини уришиб бергандим, олти ой мен билан гаплашмади. Бундай ҳолатда қандай қилиб ташаббускор бўлиши мумкин? Ҳозир театрда мен кўпчиликка ёмон кўриниб қолганман. Ишга муносабатни ўзгартиринглар, кўчадаги кийим билан саҳнага чиқиб кетаверманглар, репетицияга тайёр бўлиб келинглар, соат 10 да чақиришса, нега 10:10да келасизлар, деб гапиравериб, ёмон кўриндим. Ташаббускорлигимни бошқалар бошқача тушуниб суиистеъмол қилишар экан, мен нимани кашф қилишим мумкин? Лавозимим бўлиб, гапирсам, бошқа гап эди, лекин дўстона тарбиявий гапларни тушунмай қолишди. Жим юравер, ишингни қилсанг бўлмайдими, дейишади.
– Санжар Шодиевнинг "Жигарбандим” фильмида суратга тушдингиз. Нимаси таъсир қилди?
– Бу картинада мен дўст образини ўйнадим. Ака-ука дўст бўла олмаслиги мумкин, лекин яхши дўст ака ҳам ука ҳам бўла олишини кўрсатдим.
– Розилик беришингизга дўстингиз Ёдгор Саъдиевнинг ҳам суратга тушаётганлиги сабаб бўлдими?
– Ҳа, агарда бошқа бўлганда балки шу ҳолатни чиқариш қийинроқ бўларди. Ёдгорнинг ролида анчагина юк бор. Фильм экранга чиқса, томошабинлар бугун ўзлари хоҳлаётган кўп саволларга жавоб топиши мумкин, деган фикрдаман.
Ҳаётга оид
– Йиллар ўтди. Нимада хато қилдим деб ўйлайсиз?
– Баъзида болаларимга нотўғри тарбия бердимми ёки бунга муҳит мажбур қилдимикан, дея ўйлаб қоламан. Ёки онаси эрта оламдан ўтгани бунга таъсир қилдими. Нотўғри ўйламанг, фарзандларим шу пайтгача юзимни ерга қаратадиган иш қилгани йўқ. Лекин бошқалар қилганини нега булар қила олмайди, деган фикрга бораман.
– Бугун Эркин Комилов...
– Бугунгача қилинадиганини қилиб бўлдим, дўстим. Лекин яна нимадир қилгим келади. Нимадир етишмаётгандек бўлаверади.
– Ватанимиз мустақиллигининг 20 йиллигини қарши оляпмиз...
– Ҳа, бу 20 йил ичида театрларимиз қайта чирой очди, юртимиздаги ривожланиш ва қурилишлар ҳақиқатан бизнинг порлоқ келажакка интилаётганимизни исботлади. Қолаверса, шу йиллар ичида мен Ўзбекистон Республикаси халқ артисти унвонини олдим, кино ва театрда бир қатор салоҳиятли образлар яратдим, қаерга бормайлик ҳурмат билан кутиб олинадиган даражаларга эришдик. Буларнинг барчаси учун муҳтарам юртбошимизга мингдан минг ташаккурларимизни изҳор этамиз. Илоҳо, ҳамиша осмонимиз мусаффо, дунёмиз тинч бўлсин. Халқимизга мана шундай фаровон кунларда яйраб, унинг қадрига етиб юришлик насиб этаверсин. Барчангизни энг улуғ ва энг азиз байрамимиз билан муборакбод этаман!
| |
|
Всего комментариев: 0 | |