20:30 Энди нима бўлади? | |
Энди нима бўлади? Ҳозиргина Бирлашган Араб Амирликлари ва Австралия олимпия терма жамоалари ўртасида кечган учрашув ниҳоясига етди. Лондон Олимпиадаси учун ўтказилган ушбу саралаш баҳсида Амирлик футболчиларининг қўли баланд келди. Учрашувда 1:0 ҳисоби қайд этилди. Шу тариқа БАА олимпия терма жамоаси гуруҳда биринчи ўринга чиқиб олди. Амирликлар ҳисобида 11 та очко бор. Энди нима бўлади? Ҳеч нарса бўлмайди. Вадим Абрамов шогирдлари олдига қўйилган вазифа ўзгаришсиз қолади. Ҳамюртларимиз гуруҳдаги сўнгги учрашувда ғалаба қозонишлари лозим. Биз учун яхши томони, ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба ҳам терма жамоамизни Олимпиадага олиб чиқади. Ёмон томони эса,.. ёмон томони ҳақида ўйламаган маъқул. Шундоғам маълум. Гуруҳдаги сўнгги тур олдидан вазият анча ойдинлашди. Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишга даъвогар бўлган жамоалар сони яна биттага қисқарди. Энди фақат Ўзбекистон ва БАА олимпия терма жамоаларининг гуруҳдан чиқиши ҳақида гапиришимиз мумкин. Австралия бу курашдан чиқиб бўлди. Энди улар сўнгги турда Ироққа қарши ҳеч нарсани ҳал қилайдиган учрашувда майдонга тушадилар. Олимпиадага фақат ва фақат Ўзбекистон ва БАА бориши мумкин. "Кенгурулар"нинг иккинчи ўриндан ҳам умиди қолмади. Фақат ҳамма гап ким тўғридан-тўғри Олимпиадага йўл оладию, ким плей-офф сари равона бўлишида қолди. Буни фақат 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтадиган ўйин ҳал қилади. Энди имкониятлар тенг бўлиб қолиши ва қўшимча учрашув ўтказилиши ҳақида ўйламасак ҳам бўлаверади. Айни вақтда Ўзбекистон олимпия терма жамоасида тўплар нисбати 5-2 тани ташкил қилади. Яъни бешта гол урилган, иккита ўтказиб юборилган. БААда эса жуда чиройли рақамларга кўзингиз тушади: 5-0. Аммо руҳингизни туширишга шошилманг, ўз уйимизда исталган ҳисобда ғалаба қозонган тақдиримизда, устунлик ўз-ўзидан бизга ўтиб кетади. Агарда битта гол фарқи билан ғалаба қозонадиган бўлсак ҳам орадаги нисбат тенглашади ва регламент бўйича Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда биринчи ўринга чиқиб олади. Яъни бу қандай бўлади? Гап шундаки, гуруҳда очколар тенг бўлиб қолган тақдирда, голлар нисбати ҳисобга олинади. Агарда голлар нисбати ҳам тенглашиб қолгудек бўлса, кўп гол киритган жамоа биринчи ўринга кўтарилиши лозим. Шундай экан, хоҳ 1:0 бўлсин, хоҳ 2:1 бўлсин, ёки 3:2 фарқи йўқ, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси кўп гол киритган бўлиб чиқади ва биринчи ўринни эгаллаб, мусобақа йўлланмасини қўлга киритади. Аслида ҳозир ҳам кўп гол киритган жамоа Ўзбекистон бўлиб турибди. Аммо ФИФА томонидан БААга "совға" қилинган голлар ўз сўзини айтяпти-да. Майли, ким аслида ким экани 14 март куни Тошкентда билинади. Биз бўлсак, ўша ўйинда терма жамоамизни қўллаб-қувватлаб турсак бўлгани. Зафар ҚОСИМОВ | |
|
Всего комментариев: 0 | |