Главная » 2011 » Октябрь » 26 » «Болам мени ёмон кўради…»
22:34
«Болам мени ёмон кўради…»
 
Фарзанд учун ота-она дунёдаги энг азиз инсон. Ҳар бир ўғил-қиз ота-онасига муносиб бўлишга, уларга ўхшашга интилади. Лекин ҳаётда шундай оилалар борки, ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабатлар ҳавас қилгулик эмас: бола ота-онасини ёмон кўради. Бу галги мухлисларимиз ана шундай тақдир эгалари… Мухлисларимизга шоира Фарида Афрўз маслаҳат беради: — «Суғдиёна»ни доим бўлмаса ҳам, кузатиб бораман. Ёритилаётган суµбатлар менга манзур. Аёлларимизга айтилаётган маслаҳатлар ўринли.
                 «ОНАСИНИНГ ЎЛИМИДА МЕНИ АЙБЛАЙДИ» 
Карим, Сурхондарё, 46 ёш: — Беш йил аввал хотиним вафот этди. Тўрт фарзандимиз бор. Соғлиги ёмонлашиб қолганида туман шифохонасида даволатдим. Шифокорлар аниқ ташхис қўя олишмади. Вилоятга йўлланма беришди. Эскичадан бўлса керак, деб, уйга олиб келиб икки-уч марта муллага ўқитдим. Ўзи ҳам болаларни ўйлаб, даволанишни орқага сураверди. Кейин яна аҳволи ёмонлашганида шифохонага олиб борсам, «Юрагида сув йиғилган, кеч олиб келибсиз, касаллик ўтиб кетган», дейишди. Бир ой ичида аҳволи ўнгланмади, яна уйга олиб кетдим. Уйда бир ой ётиб, жон берди. Орадан бир йил ўтиб, болаларимга қарайди, деб иккинчи марта уйландим. Лекин болаларим у аёлни умуман ёқтиришмади. Ўша пайтда катта ўғлим ўн тўрт ёшда эди. Ҳозир ўн тўққизга кирди. Мен билан муносабати яхши эмас. Мени онасининг ўлимида айбдор деб ҳисоблайди. Яқинда буни очиқча юзимга солди: — Онам сиз туфайли ўлиб кетди. Сиз яхши дўхтирларга қаратмадингиз. Ҳаммаси эсимда, дўхтирга кўрсатиш ўрнига ишни баҳона қилиб чиқиб кетардингиз. Дўхтирлар шаҳарга олиб бориш керак, деганида олиб бормагансиз… Бошқасига уйланиш учун онамнинг ўлимини хоҳлагансиз… Шундан буён мен билан гаплашмай қўйган. Унинг айтган гапларини ҳазм қилолмаяпман. Маслаҳат: — Фарзандингизнинг дунё нима, ҳаёт нима, туғилиш ва ўлим нималиги ҳақида тасаввури йўқ экан. Агар унга буларни аввалроқ тушунтирганингизда, у сизни айбламаган бўларди. Ҳаётдаги кузатишларим, китобларда ўқиганимдан шундай хулосага келдим: Инсон ўзи учун аввало ўзи жавобгар, ўз ҳаётимизга бепарво бўлмаслигимиз керак. Тўғри, сиздан ҳам айб ўтган. Биз олдимиздаги одамни ўлмайди, деб ўйлаймиз. Лекин… хотинингизнинг вафоти аввало тақдирдан эканлигини ўғлингизга тушунтиринг. Болаларингиз ўгай онаси билан тил топишиб кетиши учун ҳаракат қилинг. Аёлингиз ҳам ёнингизда туриб, уларга меҳрибонлик қилсин. Уларнинг кўнглидаги дарди ҳали аримаган, шу сабаб ота бўлиб сиз фарзандларингизга тиргак бўлиб, муаммоларни босиқлик билан ҳал қилинг.
               «ОТА-ОНА ЭМАС, МЕРОС КЕРАК»
Қодир ота, Тошкент, 65 ёш: — Уч қизимиз бор. Учаласини ҳам турмушга узатганмиз. Икки катта қизим оиласи билан тинч яшайди. Кичик қизим уч хонали уйда қайнона-қайнотаси ва овсини билан тиқилиб қолишган. Кўпчилик бўлиб яшашгани учун келишмовчиликлар ҳам бўлади. Аёлим билан маслаҳатлашиб, кичик қизимга вақтинчалик бўлса ҳам эри ва болалари билан меникига келиб яшаб туришини айтдим. Улар келиб, биз — икки қариянинг бағримиз тўлиб қолди. Ўзлари уй олишига имконияти йўқлиги учун: — Шу икки хонали уйни кўзим очиқлигида сизларнинг номингизга ўтказиб қуйсам бўларкан, — дедим яқинда қизимга. У жуда хурсанд бўлди. Бу гапдан икки катта қизим хабар топибди. Ўшандан буён уларнинг менга муомаласи ўзгарган. Ҳар доим йўқлаб, меҳрибончилик қилиб турадиган қизларимиз бир йилдан буён қорасини кўрсатмайди. — Ота-онам учун биз фарзанд эмасмизми, бизни ўйлаб ҳам кўришмабди. Уйда ҳаққимиз бор ахир, тенг тақсимланиши керак, — дебди тўнғич қизим. Набираларимни ҳам юбормай қўйишган. Аёлим иккаламиз қизларимизнинг бу ишидан жуда хафа бўлдик. Маслаҳат: — Қизларингиз жуда нодонлик қилишибди. Аслида ҳамма ота-онанинг фикру хаёли оиласи нотинчроқ, камбағалроқ ёки касалмандроқ фарзандида бўлади. Опалари ҳам синглисининг аҳволидан хабардор экан, уни ўйлаши керак эди. Уларни уйингизга чақириб, яхшилаб гаплашиб олинг. Агар тушунишни хоҳлашмаса, ўз ҳолларига қўйинг. Уй-жойи бор, оиласи тинч экан. Сиқилиб, ортиқча асабийлашманг. Улар вақт ўтгач, ҳаммасини тушуниб, ўзларига келиб қолишади. Қизларингизнинг бу ҳаракатини кўнглингизга қаттиқ олманг. 
          «УЙИМДАН БЕЗГАНМАН» Ирода, 20 ёш, Самарқанд: — Биз оилада тўрт қизмиз. Эсимни таниганимдан буён уйимизда тез-тез такрорланадиган ҳолат: отам ичиб олиб жанжал кўтаради. Шундай пайтда унга ҳеч ким бас келолмайди. — Менга ўғил туғиб бермадинг! Ўзинг ҳам, қизларинг ҳам йўқол кўзимдан! Сенлардан менга умуман фойда йўқ!.. — деб уйни бошига кўтариб бақиради. Бу гапларни туғилганимдан буён эшитаман. Аҳволимиздан бутун қишлоқ хабардор. Отам ҳеч кимнинг насиҳатини олмайди. Кичкиналигимда отамдан жуда қўрқардим. Улғайганим сари ичишидан жуда уяладиган бўлдим. Ўтган йили онам ишлаш учун хорижга кетади. Онам ҳам отамнинг тинимсиз ичишидан безор бўлиб, шундай йўл тутдими, деб ўйлаб қолдим. — Отангнинг аҳволи бу бўлса, топганини ароққа сарфлайди. Сизларни узатишим керак. Сарпога ҳеч нима олганим йўқ. У ёқдан тўрт-беш сўм ишлаб келаман. Сингилларингга ўзинг кўз-қулоқ бўласан… Холангга тайинладим, сизлардан хабар олиб туради… Аввалига отам уч-тўрт ой ичмади. Бир гал эса оёқда туролмайдиган аҳволда кириб келди. Уйга киритмоқчи бўлсам, мени дўппослай бошлади. Амакиларим келиб, отамни боғлаб қўйиб, бизни уйларига олиб кетишди. Отам ичиб келганида доим шу ҳолат такрорланади. Қариндошларимиз бизнинг жанжалимиздан безиб қолишган. Бир гал жанжал устида холам келиб қолиб, сингилларимни амакимникига юборди, мени ўзи уйига олиб кетди. Ярим йилдан бери холамникида яшаяпман. Яқинда онам қайтиб келди. Уйимизга меҳмондек бордим. Яна холам билан қайтиб келдим. Отам бу орада бир неча марта келиб, мени олиб кетмоқчи бўлди. Менинг эса отамдан кўнглим қолган. Уни ёмон кўраман. Уйимизга боришни хоҳламайман. Онам ҳам холамникида қолишимга қарши эмас. Маслаҳат: — Қизим, аввало сизга бир гапни таъкидламоқчиман: ота-онани муҳокама қилиш фарзанднинг иши эмас. Бизнинг миллатимизда ота жуда улуғланади. Отангизни яхши томонга ўзгаришига умид қилинг. Ундан воз кечиб кетолмайсиз. Сиз ўз уйингизга қайтишингиз керак. Бу ҳаракатингиз билан оилангиздан баттар совийсиз. Отангизга меҳрибончилик кўрсатинг, ичиб келишининг сабабларини сўранг, уни ўрганинг. Балки отангиз ҳам сизга қўл кўтарганидан пушаймон бўлаётгандир. Минг қилса ҳам, фарзандисиз, сизга ёмонликни раво кўрмайди. Ўзингиз ҳам фарзандли бўлганингизда ота-онангизнинг қадрини яна яхшироқ биласиз.
Категория: Xikoyalar | Просмотров: 969 | Добавил: Web_MasteR | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]