Главная » 2012 » Март » 21 » Қандай кечирай? [1-Qism]
00:35
Қандай кечирай? [1-Qism]






-Саида...
Акаси... Саиданинг юрагида санчиқ тургандай бўлди. «Овозимда титроқ сезилмасин», дея бир неча сония унсиз қолди.
-Саида, сенмисан?
-Ҳа, ака...
-Тинчликми? Соғлигинг яхшими? Уйлар, жиянлар?
-Ҳаммаси яхши, ака, Худога шукр!
Баҳодирга ҳам «Мен фалон соатда йўлга чиқяпман, сен нима қарорга келдинг?», деб сўраш осон бўлмаётганини Саида ҳис қилиб турарди. Қани эди, акаси шу саволни бермаса, Саида қийналмаса...
-Саида, мен...
-Ака, мени қийнаманг, юрагимдаги тош эримаяпти. Мен... узоқдан соғиниб, интиқ бўлиб борган қиз ролини ўйнай олмайман...
-Сендан буни ҳеч ким сўрамайди. Фақат шу аёлнинг уч кунлиги борми-йўқми, армон билан кетмасин, сенга бир назари тушсин, дегандим...
Саида «Армон билан кетсин, жигарлари титилиб кетсин, «болам» деганда оғзидан тутун чиқсин», дегиси келди. Аммо акасида нима айб? Акасининг тақдири Саиданикидан осон бўптими?
-Ака, қачон йўлга чиқасиз?
-Эртага, саҳарлаб...
-Мен ўзим сизга қўнғироқ қиламан...
-Хўп...
Акаси-ей... Саидани жуда аяйди. Ака-ку... ҳаққи бор. «Борсанг ҳам борасан, бормасанг ҳам борасан, шу аёл сени тўққиз ой қорнида кўтарган, нима бўлсаям оналик ҳақ-ҳуқуқи бор», десаям бўлади-ку. Аммо ҳеч қачон бундай қилмайди, доим кўнглига қарайди.
-Онажон, биз келдик,-жаранглаган овоздан Саиданинг хаёллари бўлинди. Ич-ичидан тошиб келаётган йиғини қайта ютди. Қўйни-қўнжи тўлиб бозордан қайтган ота-қизга пешвоз чиқди.
-Намунча? Бозорни кўтариб келдиларингми?
-Ҳозир, ҳозир, ҳозир...
-Ҳаммасини бирма-бир кўрсатамиз, фақат диванга ўтириб олинг, нафасингизни ростланг!-қизи Сурайё катта-кичик сумкаларни титкилаб, керакли буюмни ахтараркан, онасига ҳазил қилди.
-Аввал ўзингникини, укангникини кўрсат,-Саида бир чеккада ўзининг қилган ишидан хурсанд жилмайиб турган эрига кўз қирини ташлаб, қизига гапирди.
-Йўқ, аввал дадажонимнинг сизга олган кийимларини намойиш қиламиз...
Қизи «Бу сизга, бунисиям сизга», дея ёзлик халат, шиппакларни териб қўяр экан, Саиданинг кўзларида ёш ҳалқаланди. «Яхшиям шулар бор, бўлмаса, кўксимдаги дард мени еб адо қиларди», деган хаёлнинг ўзи ҳам тасалли, ҳам оғриқ эди.
-Раҳмат қизим, раҳмат дадажониси... Сиз мени сийлабсиз, сизни Аллоҳ сийласин.
Исроилжон эшикдан кирибоқ хотинининг юзида ўзига таниш ифодани кўрган, яна ўша Саиданинг қалбини тилка-пора қиладиган мавзуда гап бўлганини билган эди.
-Саи, яна Баҳодир акам қўнғироқ қилдиларми?-деб сўради Исроилжон қизи бозордан олиб келган бор бисотини мақтаб-мақтаб кўрсатиб, ҳаммасини йиғиштириб, жойлагани уйга кириб кетгач.
-Ҳа...
-Менга қара, онаси, бу бош қотирадиган нарса эмас. Бўлган нарса бўлиб ўтиб кетди, бир аср нарида қолди. Одамзод хотираси билан эмас, бугуни билан яшаши керак. Мендай эринг борми-бор, ўғил-қиз бердими Худо-берди. Уй-жойинг, касб-коринг, дўст-ёринг - ҳаммаси бадастир, тўкис... Ҳадеб ўзингни ўзинг азоблайверма. Оддий бир воқеадай қара бунга, тақдирнинг иши - тамом-вассалом! Сенинг кайфиятинг болаларга таъсир қилади, қолаверса, ношукрчиликка ўтиб кетмасин бу ёғи... Бор-да, бир мартага кўриб кел, ҳеч нарса бўлмайди,- Исроилжон ич-ичидан хотинини ҳис қилиб турса-да, уни бугунги изтироб исканжасидан олиб чиқиб кетмоқчи бўларди. Қирқ йил бир-бирига назари тушмаган она-бола учрашувини оддий бир ҳодисадай тушунтирмоқчи бўларди. Аммо Саиданинг юраги кўнармиди? Ақлнинг ўз ҳаёти бор, юракнинг, кўнгилнинг ҳаёти-бошқа...
-Бораверайми бўлмаса?
***
Машина бир текис юриб борарди. Саида аввал болалари, эрини ҳам бирга олиб кетгиси келди. Тўшакка михланиб қолган аёлга (Саида уни хаёлида «Она» деб айтар, айтганда товушлари юрагига тегиб оғритар, яна «ўша аёл» деб атар, гўё хаёлидаги бу аташ билан уни қандайдир даражада жазолар эди) яқинларини кўрсатиб «Қаранг, сиз хор қилганингиз билан толе мени азиз қилди», демоқчи бўлди. Аммо биринчи учрашувни минг хил тасаввур қилаётгани учун уларни олиб боришга... юраги бетламади. Қолаверса, акаси ҳам... шуни истаётгандек туюлди.
-Атрофни томоша қилиб кет, Саида. Йўл юриш ҳам бир яхшилик. Кўрмаганингни кўрасан...
-Ҳа, кўпдан бери чиқмаган эдим. Болалар билан ўралашиб... Чиройли жойлар экан, теракларнинг бир текислигини қаранг. Йўлларни айтмайсизми, қушдай учасан...
-Ҳа, юрт ўзимизники бўлди-ю, йўллар, кўприклар, иморатлар... Эҳ-ҳе, синглим, одамнинг кўкраги кўтарилади... Бу жойларни баҳорда кўрсанг... Ёзнинг ҳам гашти бор... -Баҳодир синглисини ўз ўй-хаёллари билан ёлғиз қолдиргиси келмасди, тинмай гапирарди. Саиданинг хаёлини бир зумгина акасининг қадрдон овози бўлар, аммо бора-бора бу овоз ҳам уни бошқаролмай қолди. Хотиралар уни етаклаб кетди...
...Саида эгнидаги қизил жемпер, жемпернинг олдидаги оқ йўл-йўл чизиқларни, қизил қалпоғи, қизил туфличасини эслайди... Уни қачон, ким кийдирган, ёдида йўқ. Фақат уни бошига оқ рўмол ёпинган, тиззаларига рўмолининг шокилалари тушиб турган аёл олдига олиб келишди. Атрофда ҳам кўп аёллар:
-Кел, қизим, ойингга салом бер,-дейишди. Саида икки қўлини кўксига қўйиб:
-Ассайлом...-деди. Кимдир уни аёлнинг бағрига итарди. Бу бағирни, «дук-дук»лаган юрак овозини Саида ҳеч қачон унутмайди. Кейин... билса, бу ўгай онаси экан... Дадаси уйланган куни уни «Бир-бирига меҳри тушсин», дея бағрига итарган эканлар... Аммо меҳр дегани шунақа мўъжизаки, у бировнинг айтгани билан тушмайди. Меҳр дарёсининг дарғаси-Аллоҳ... Кимнинг кимга меҳрини тушириш унинг измида.
Саиданинг бу аёлга меҳри тушмади. Чунки у оқ-қорани танигач, ота-онаси уч ёшлигида ажрашиб кетганини, она аталмиш зот уни дадасига қолдириб, акасини олиб кетганини билди.
-Онангга Худонинг зорини қилдим «Қизингни олиб кет, қиз болани бировга ишониб бўлмайди», деб. Йўқ, ўғлини олиб кетди. Эрта-бир кун боқади, деган-да!
Саида бу гапни ўз холасидан-онасининг опасидан эшитди. Кўнгли синди. «Мени нега ташлаб кетади? Она ҳам ўз боласини ташлаб кетадими?». «Ташландиқ» сўзининг оғирини, «ташландиқ» сўзининг ҳасратини эрта кўтарди Саида. Бу сўз уни ҳақоратлар, хўрлар, кўчадаги ўзи тенги қизлар билан ўзини тенг ҳис қилишга қўймасди. ўгай она уни эртаклардагидай уриб-сўкмас, оч қолдирмас, аммо бағрига ҳам босмас, сочларини силамас, кўз ёшларини артмасди. Дадаси эса кўча одами эди. Кетма-кет дунёга келган ўгай укалар дадасини ҳаракатга солиб қўйган, ўзи билан ўзи эди. Саида, айниқса, ўсмир ёшларини изтироб билан эслайди. Кимнидир соғинар, кимгадир зор эди, тунлари юзларини ёш юварди. Бу соғинчнинг эгаси она эканини билса-да, тан олмасди.
-Онанг Наманганга эрга тегиб кетди, юрт ошмаса йўқ эди. Одам ҳам шунақа тошбағир бўладими?..
-Саида, онангни кўрдим, беш тийин ҳам бермади «Қизимга рўмолча олиб бер», деб, эссиз оналик...
Холаси Саидани ҳар йўқлаб келганида оғзидан чиқаётган шу тарздаги сўзларни эшитганда қизалоқнинг эти жунжикарди. Худди сўзлар эмас, бу аёлнинг оғзидан илон вишиллаб чиқаётганга ўхшарди. «Хола онага ўхшайди». Саида қаердадир шу гапни эшитган эди, ҳеч ким йўғида онасини тасаввур қилиб кўрмоқчи бўлар, кўз олдига оғзидан вишиллаб илон ўрмалаб чиқаётган холаси келарди.
-Дада, холам келмасин, айтинг!-кунларнинг бирида дадасига шундай талаб қўйди. Дадаси ҳам аслида шуни истаркан, шекилли, «Қизимга онасини эслатяпсиз, биз уни бутунлай унутмоқчимиз», деди...
***
-Ана, энди тоққа тирмашяпмиз, энг баланд жойига келганда, тўхтатаман, пастга қарайсан... ўзингни худди осмонда тургандай ҳис қиласан...-деди Баҳодир ўриндиққа қийшайиб, хаёл дарёсига бутунлай ғарқ бўлиб кетган синглисига...
-Ҳа-а-а...
-Йўқ, сен ҳозир унинг қанақалигини тасаввур қилолмаяпсан... жуда бошқача...
Акажони, жон акажони... Саиданинг бахтига яралган акажони... Агар Баҳодир бўлмаганда... Саиданинг синиқ кўнгли ўзининг вужудини абадий яралаб келармиди?...

2-қисм

-Ана, энди тоққа тирмашяпмиз, энг баланд жойига келганда, тўхтатаман, пастга қарайсан... ўзингни худди осмонда тургандай ҳис қиласан...-деди Баҳодир ўриндиққа қийшайиб, хаёл дарёсига бутунлай ғарқ бўлиб кетган синглисига...
-Ҳа-а-а...
-Йўқ, сен ҳозир унинг қанақалигини тасаввур қилолмаяпсан... жуда бошқача...
Акажони, жон акажони... Саиданинг бахтига яралган акажони... Агар Баҳодир бўлмаганда... Саиданинг синиқ кўнгли ўзининг вужудини абадий яралаб келармиди?
...«Баҳодирни ўгай отаси чиқиштирмабди, холаси уйига олиб келибди...». Саида бу гапни эшитганда ўсмир қиз эди, аммо бир пайтлар ўзи ёлвориб, уйидан қадамини узган холасиникига акасини излаб боролмасди. Худди ўша пайтлар дадаси ўғил укаларига ниятлаб иморат бошлаган, Саида доим дадасининг қабатида эди. Лой, ғишт аралашган оғир ишларни қилар экан, унинг меҳризори бўлиб ҳувиллаб ётган кўнглида «Қани эди акамни олиб келсак...», деган истак уйғонарди. Тенгдош қизлар кўча-кўйга чиққанларида «Вой, акамнинг жаҳллари ёмон...», «Вой, акам кўриб колсами...», дея ғурур аралаш ҳадик билан гапирганларида Саида ҳам ёнида акаси бўлиб қолишини, уни кимлардандир ҳимоя қилишини хоҳларди. Аммо ҳаёт ташвишларидан чарчаган дадасига бу истакларининг бирортасини айтолмасди. Гарчи дадаси билан онаси ажралиш сабаблари ҳақида ҳеч қачон гапиришмаган, дадаси бирон марта ҳам онасини на яхши, на ёмон деб гапирган бўлса-да, Саида дадасини айбламасди. Унга раҳми келарди, холос. Дадасининг кўзлари тубида чексиз бир ҳасрат борга ўхшар, унга узоқ қарай олмасди.
Соғинч-изтиробда йиллар ўтди. Бу орада Саида босмахонага ишга кирди. Қўшни аяга эргашиб топган иши ўзига ёқди: тенгдошлари билан бирга кечкига-университетга топширди, кирди. Ҳаёти бир қадар изга тушгандай эди. Аммо ёриша бошлаган дунёсида икки сўз бот-бот чақмоқдай чақарди: она, ака!
-Саида, сени бир йигит сўраяпти...
-Ким экан? Йўқ демадингми?
Саида ҳамкасб дугонасига бекорга унақа демади. У кимдир уни ёқтириб қолишидан, сўнг «Онаси болалигида ташлаб кетган экан», деган гапни эшитиб, кўнгли совишидан қўрқарди. «Онаси шу экан-у, қизи ким бўларди...», деган гапдан чўчирди.
-Чиқиб, ўзинг «Йўқ эдим», дея қол... Чиқ, биров сўраб келса... Худойим бекорга бировнинг дийдорини бировга иссиқ кўрсатмайди,-койиган бўлди дугонаси.
Саида истамайроқ чиқди. ўзидан тикроқ йигит. Уни кўрибоқ ғалати бир ҳиссиётни сезди: йигит... дадасига ўхшарди. «Акаммикин...».
-Саида... мен ҳалиги... сиз... сен акангнинг борлигини биласанми?-деди йигит.
-Ҳа...- Овози чиқдими, ичида айтдими, аммо бутун вужудига «Акам келди!» деган хушхабар тарқаб бўлган эди.
-Акажон!
-Синглим!
Улар қучоқлашиб, узоқ йиғлашди, жуда узоқ! «Қон тортди», «Бир қориндан талашиб тушган» деганлари шу бўлса керак. Улар минг йиллардан буён бир-бирини биладигандек эди, мутлақо бегонасирашмади. Ҳолбуки, Саида Баҳодирни эслай олмасди. Баҳодир эса қизил лента таққан кулча юзли сингилчасини сал-пал эсларди...
Шу куни Саиданинг орқасига тоғ ўтгандай бўлди. Кўнглига хотиржамлик инди. Акаси эрта ишга киришиб кетган, холаси унга ўз қизини берган, аммо рўзғори бўлмай ажралишган экан. Ҳозир тоғасининг уйида яшар экан...
-Етим катта бўлсаям етим экан, зарари йўқ, ҳаммаси Аллоҳнинг синови, дош берамиз. Мен, албатта, ўз ҳаётимни йўлга қўяман. Ҳаёт мени кучли бўлишга ўргатди. Сени топдим, бу дунёда бошқа армоним йўқ,-деди акаси.
Шу-шу Баҳодир уни тез-тез йўқлайдиган бўлди.
***
-Ке, Саи. Шу жойда ака-сингил бир тамадди қиламиз. Сени тушуниб турибман, хотиралар гирдобидан чиқа олмаяпсан. Осон эмас. Аммо ўзингни қўлга ол.
Баҳодир синглисини чалғитишга уринар, онаси билан синглиси учрашувининг оддий кўришувдай ўтишини истарди. Тўшакка михланган, кўзи фарзандлари йўлига нигорон онаизор бу кўришувда ўзини йўқотиб, бир ёқли бўлмаслиги керак. Баҳодир билган сирни Саида ҳам билиши керак. Балки, шунда йиллар давомида дили тубида онага қарши йиғилган нафрат зардоби кучсизланар...
-Ака, юринг, тезроқ ета қолайлик, юрагим тўхтаб-тўхтаб қолай деяпти ўзи... -Саида акасига эркалик ҳам қиларди, акаси кўришган лаҳзаларидан буён унга суянч. «Ҳа» деса бас, югуриб келади, ёнида туради. Айниқса, Исроилжон совчи қўйганида, ўзи юриб, суриштирди. Саида онасини кўриб, энг аввал акаси ҳақида айтади:
«Агар сизни кечирсам, мени кўргани келган кундан бошлаб чинакам акалик, чинакам жигарлик қилган Баҳодир акам учун кечираман. Агар сизни кечирсам, тақдир йўлимда менга Исроил акадай меҳрибон, оиламизнинг оғирлигини ҳамиша ўз елкасига олиб юрувчи турмуш йўлдоши билан сийлаган Аллоҳ учун кечираман. Қадримни билган, қадримни баланд тутган қайнота-қайнона, қайнбўйинларим учун кечираман...». Саида ўзи афт-ангорини ҳам дурустгина эслай олмайдиган онасига айтадиган гапларнинг ҳар хил вариантларини ўйлаб кўрарди. Аммо бирортасидан қалбидаги қат-қат қатланиб ётган алам тоши юмшамасди.
***
-Саи, синглим, мана, етиб келдик, ўзинг жуда ақллисан. Онамиз, эҳтимол, сўнгги соатларини яшаётгандир... ўзингни тутасан-а... -Баҳодир синглисининг елкасига қўлини қўйиб, меҳр билан термулди.
-Хавотир олманг, ака, ёш бола эмасман-ку,-деди Саида ва «Бошланг!» дегандай имо қилди. Кўк дарвоза! Саиданинг юраги акасининг кафти билан баравар дукурларди. Дарвозага ёндош эшик тез очилди. Зангори рўмолни қия ўраган келинчак...
-Келинглар, хуш келибсизлар.
-Омонликми, келин? Маҳмуд уйдами?
Акасининг муомаласидан бу хонадонга тез-тез келиб-кетиб юрганини пайқади Саида.
-Ҳозир келиб қоладилар, қўнғироқ қиламан.
Келин уларни айвонга бошлади. Озода, саришта уй, хонтахта, кўрпача, болишлар...
-ўтиринглар, ўтинг, опа.
Саида келинчакнинг гапидан ўзини ҳам таниганини сезди. «Демак, бу уканинг хотини...». Саида қанча ҳаракат қилса ҳам, «онам», «укам» дея олмасди. Саида омонатгина ўтирди. Келинчак аввал обдастада сув келтирди, оппоқ сочиқ тутди. Сўнг косаларда қатиқ олиб чиқди.
-Ол, синглим, буларнинг қатиғи жа бошқача бўлади,-деди Баҳодир қошиқ солиб айлантирар экан.
«ўша аёл қаерда экан?». Саида қошиқ учида қатиқ оларкан, ёнидаги, рўпарасидаги эшикларга қарарди.
-Ҳозир келишади,-деди келинчак Баҳодирга. У бош силкиди. Саида бу гапдан ҳозир ўгай ука-сингиллари келишини тушунди.
-Ака, ўзимиз кирайлик...-деди.
Баҳодир уни узун даҳлиздан олиб ўтиб, тўрдаги хонага бошлади.
-Ойи, биз келдик...
Хона ним қоронғи, тўрда - баланд қилиб солинган ўринда бир бурдагина бўлиб бир хилқат ётарди...
-Болам-м...
Баҳодир тиз чўкди. Аёлнинг юзларига юзини қўйди... Саида ўзини жуда ўнғайсиз сезар, икки қўлини осилтириб қаерга қўйишини билмасди.
-Ойи, Саиданиям олиб келдим...
Аёл инграганга ўхшаш ғалати товуш чиқарди. Баҳодир ёнбошроқ сурилиб, синглисининг қўлидан тортди. Саида беихтиёр ўтирди. Жиққа ёш тўла катта-катта кўзларга кўзи тушди.
-Қизим, жоним... -аёл қоқсуяк қўлларини узатди. Баҳодир қотиб ўтирган Саиданинг қўлларини узатилган қўлга қўйди. Саида бу қўллар муздай бўлса керак, деб ўйлаганди, сесканишга тайёр эди вужуди. Аммо қўллар... қайноқ эди. Саиданинг бутун вужудига илиқлик югурди. Кўзига ёш келди.
-Болажоним менинг, Худога шукр, минг қатла шукр, дийдор насиб этди...-аёл деярли шивирлаб гапирарди. Саида энди ним қоронғуликка ўрганган, кўзлари аёлни аниқ кўрарди. «Менга ўхшаркан!». Негадир шу сўз юрак-бағрини ўртаб юборди... Аёлнинг қўлини қаттиқроқ сиқди.
-Болам, синглингга айтдингми?
-Йўқ, ойи, ўзингиз...
Саида акасига қаради. Аёл нимадир демоқчи бўлиб, бошини кўтарди-ю, мажоли етмай яна ўзини ёстиққа ташлади.
-Саида, барибир бир кун ойим билан дийдорлашасан, ўзларидан эшитсанг, ишонарсан, дердим... ҳозир... уй тўлади, бу гапни айтиб улгуришим керакка ўхшайди. Холамиз - Худо раҳматли - дадамни қаттиқ яхши кўрган эканлар, дадам ойимни танлабдилар. Шу-шу холамиз ойимизга душман бўлиб қолибди. «Сизга хиёнат қилди», деб ёлғон гувоҳ ёллаб, ойим билан дадамнинг турмушига заҳар солган ҳам холам бўлган...
-Менинг айбим нима? Мени нега ташлаб кетдингиз?!-Саида акасига эмас, онасига қараб гапирди. У гапирмади, ўкирди, ярадор шердай...
-Сен... менга... жуда... ўхшайсан... Сени кўрса, мени унутмас, қайтариб олиб келади, деб ўйлагандим... -Аёл жуда секин, титроқ овозда гапирди.
-Кейин-чи? Дадам уйлангач-чи? Мени ўгай онага қандай ишондингиз? Менинг ҳам ҳозир учта болам бор. Тирик бўлсам... уларни бировга бераманми? Асло!
-Кейин... дадангдан қасос олгим келди... У ҳеч кимни мендай севолмаслигини билардим... Сени кўриб, бағри эзилсин, дедим...
Саиданинг кўз олдига раҳматли дадаси келди. У дадасининг суюнганини кўрмаган экан... Доим боши эгик, кўзи мунгли...
-Мени қасосингиз учун қурбон қилибсиз-да...
Саида гапини тугата олмади. Хонага бири-бирига жуда ўхшаш-бўйчан эркак, аёллар кириб келишди. Улар Баҳодир билан астойдил сўрашишар, ўрнидан туриб, бир бурчакка ўтиб турган Саида билан қандай кўришишни билмай тараддудланар эдилар.
-Саида, булар укаларимиз, сингилларимиз, келин-куёвларимиз,-Баҳодир шундай деди-ю, нафас олиши ўзгарган аёл ёнига қайта ўтирди.
-Ойи, ойи, ҳаммамиз шу ердамиз, ҳаммамиз биргамиз,-деди. Аммо ҳалигина дурустдай кўринган аёлнинг кўзлари олайган, хириллаб нафас ола бошлаган эди. У зўр бериб нимадир демоқчи бўларди.
-Саида, синглим, «розиман», де... -Баҳодирнинг овози Саиданинг бошдан-оёғини зирқиратиб юборди. У «Розиман, сиз ҳам рози бўлинг», демоқчи бўлар, бир тарафи Исроилжоннинг қистови билан олган ним мовий ранг кўйлаклик матони аёлга бергиси келарди. Аммо тугунини қайга қўйганини эслай олмасди.
-Опажон, «розиман», денг! -Қизлардан бири бемор бошига ўтиб тинмай Саида томон чўзилаётган қўлни ушлади. Баҳодир ҳам Саиданинг елкасини ушлаб, силкитди:
-Саида!
Саида бор кучини овозига тўплаб:
-Рози бўлинг, мен...-дейишини билади, беморнинг юмилаётган қовоқлари очилгандай бўлди... Уй ичини баланд-паст йиғи товуши босди.

(хикоя тамом)


Категория: Har-Xil | Просмотров: 1112 | Добавил: rasulzhon | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]