20:05 Агар ўзингизни ўнгламасангиз, қизимни ажратиб оламан! | |
Салима холанинг кўзи ариқ бўйида айрон сотаётган, новчагина қизга тушди-ю, юраги қалқиб кетди. У анчагача кўзларини қиздан ололмади. Қизнинг кўзлари, лўппи юзлари, қошлари жуда-жуда таниш эди. "Дамас” енгил силкиниб, ўрнидан қўзғолса-да, Салима хола айрончи қиздан кўзларини узолмади. Анча юриб, қиз умуман кўринмай қолгач, у беҳолланиб, елкасини ўриндиқ суянчиғига берди. Унинг миясида битта сўз айланарди: Назира! Орадан неча йил ўтди? Ўн йил? Ўн беш... Ўн саккиз йил! Қизнинг туришлари, ҳаракатлари, хатто қўрққандек қарашлари ҳам катта қизи Ҳалиманинг худди ўзгинаси!.. Салима холанинг эски дарди ўзини эслатди. Кўз олди қоронғулашиб, нафас олиши қийишлаша бошлади. Бундай пайтларда ёнида албатта дори қутиси бўлади. Дарров биттасини шимади. Шундай қилди... Ўтиб кетгандек бўлди, енгил тортди. У машина ойнасидан ташқарига термулганча, беихтиёр ўйга берилиб кетди. Қизи Ҳалимани қўшни қишлоқ - Ёрбулоққа узатганди. Аммо, келин бўлмишнинг тирикчилик деган ўпқон қаршисида омади чопмади. Салима опа буни кейинроқ билди-ю, алами ичида қолиб, тилини тишлаб қолаверди... Ҳайдовчи йигит Салима опанинг қаерда тушишини билиб, машинасини тўхтатди. Хаёлга тамом берилганидан Салима хола етиб келганини билмади. Ҳайдовчи, "Апа, келдиз!”, деганидан сўнггина хаёллари сочилиб кетди. Минг хижолатда машинадан тушди. Бўритепага кенг даладан ўтиб борилади. Салима хола тутқатор ёқалаб кетган сўқмоққа тушиб олди. Кўп юролмади. Шундоқ йўл четига ўтирди... Ҳалима турмушга чиқиб, иккинчи йили қиз туғди. Аммо турмуши ўша-ўша эди. Салима холанинг назарида куёв ўзгариб, бошқа бир юмушнинг бошини тутадигандек кўринмасди. Туғруқхонадан қайнонасиникига суюнчига келган куёви Нуралини қанчалар совуқ қаршилагани ҳамон кўз олдида турибди. -Ўғлим, сизга ўғил бола гапни айтаман, - деганди ўшанда Салима хола. –Агар ўзингизни ўнгламасангиз, қизимни ажратиб оламан! Нурали кўзларини дастурхон четидан узиб, минг ҳайрат ва таажжуб ичра қайнонасига қараганди. Ҳеч замонда қайнона куёвига шундай гапни айтадими? -Қизим бунақа рўзғорда катта бўлмаган, шу гапим эсингиздан чиқмасин! Нурали нима дейишини билмаган, ўзини шафқатсизларча сазойи қилинган одамдек ҳис қилар, шу пайтда ер ёрилса-ю кириб, қайнонасининг кўзларидан қутулишни истарди. -Менга рухсат, - унинг тили зўрға айланганди. -Шошманг, суюнчига келгансиз, қуруқ кетманг! – Салима хола ўрнидан туриб, сандиғидан сариқ белбоғ олиб, куёвининг қўлига тутқизди. Нурали қўлига тутқизилган белбоқни маҳалла бошидаги теракнинг "белига” боғлаб кетган, эртаси куни уни кўрган Салима хола ўзининг "суюнчи”сини таниганди. Шундан сўнг куёвнинг қадами қайнонаникидан узилди... Ҳеч қачон уйигача бўлган йўл бунчалик оғир ва узоқ туюлмаганди Салима холага. У ўрнидан зўрға туриб, йўлга тушди. Нурали шу бўйи бошқа кўринмади. Салима хола ҳам на қизини, на куёвини йўқлаб бормади. Кунларнинг бирида Ҳалима ярим тунда қизлик уйига кириб келди-ю, Салима опанинг шунча вақтдан бери йиғилиб келган дарди ёрилди-қўйди. Ана шунда, унинг биттаю-битта ўғли, фарзандларининг кенжаси Нозим қутургандан-қутурди. Опаси келган куни тунда ўзидан салкам ўн ёш катта поччаси Нуралини итдек дўппослаш қасдида ёнганди. Ўшанда, оила ва рўзғор ишларидан четга суриб қўйилган ота бўлмиш Иброҳим уста умрининг сўнгги йигирма йили давомида биринчи ва сўнгги марта овозини баланд кўтаришга журъат этганди: "Поччанг ахир! Худодан қўрқ!”. Бу хонадонда, бутун "ҳукумат” онанинг қўлига ўтганидан бери отанинг бундайин сўзларини эшитмаганларидан жим бўлиб қолгандилар. Нозим бир ҳафтагача отасининг сўзлари таъсирида юрди. Аммо, келгуси ҳафта туман бозорида поччасини кўриб қолиб, отасининг ҳикматини ҳам унутди. Гавдаси поччасига салкам иккита келадиган Нозим уни катта бозорнинг ўртасида ўласи қилиб калтаклаганди. "Нозим поччасини дўппослабди!” деган гап бир кунда бутун қишлоққа ёйилди. Шундан сўнг Иброҳим устанинг маҳаллада эгик боши бутунлай эгилди. Ҳатто бир ойгача кўчага чиқолмай юрди. Салима хола қизини бир йилгача эриникига боргизмади. Қишлоқда, "Унақа куёвга ташлаб қўядиган қизим йўқ!” дея гап тарқатди. Нуралининг эса, хотинидан кўра қизини кўргиси келар, аммо қайнонаси ва қайниси яшаётган уйга боришни хаёлига ҳам келтиролмасди. Ойлар кетидан йиллар ҳам ўтди. Онасига муте Ҳалима эрининг олдига қайтолмас, ғурур йўлини боғлаган Нуралининг энди Бўритепадан қадами узилганди. Икки ўртада анча қатнаган Нуралининг ота-онаси Салима холанинг "Ўламан, бермайман!” дейишидан зада бўлиб, келинининг қайтишидан умид узиб қўя қолишганди... Салима холанинг нафаси қайтди. Нега бундай бўлаётганига ўзи ҳам ҳайрон эди. Авваллари бундай бўлавермасди. Дори ичганидан бери ўн беш дақиқа ўтган бўлса... Яна йўл четидаги тўнкага ўтириб олди. Негадир унинг кўз олдидан далада сомон ташиётган куёви ўтди. Кун тиккага келиб, юзини қиздира бошлаганидан Салима хола ўрнидан турди. Бир-икки ўнғайсиз қадам ташлагач, текис юра бошлади... Ўшанда куёвини ўз измига юргизишига унинг ишончи комил эди. "Қизимни уйимда сақласам, ҳеч бўлмаса боласи учун бош эгиб келади-да, айтганларимга кўнади”, деб ўйларди Салима хола. Унинг ўйларига терс юрган Нурали эса, уст-боши кир бўлиб, керак бўлса бирор кишининг даласида ишлар, қурилишларда мардикорчилик қиларди. Қайнонасидан ташқари, турмушнинг минглаб муштларини еган, ўттиз беш ёшгача ота-онасидан бошқа кишининг яхши сўзини эшитмаган йигит энди камсуқумгина бўлиб, давралардаги ўрнини аниқ-тиниқ белгилаб олганди. Ҳалима уйига қайтиб келганининг саккизинчи йили Иброҳим уста кўнгли алағда бўлаётганини сезиб, фурсати етганини туйқус англади-ю, биринчи қилган иши қудасининг уйига бориш бўлди. Нурали таажжуб билан қайнотасини қаршилаганди. -Ўғлим, яхшими-ёмонми бўлиб кунимизни кўрарканмизу, вақти келганда омонатни топширарканмиз... –гап бошлаганди уста. Нурали ҳайрат ичра қайнотасига қараб қолганди. Унинг киртайиб қолган кўзлари, титраб турган ияги, ёқаси кир тортган яктагидан кўриниб турган қоқсуяк кўкрагини кўриб, устанинг нима демоқчи бўлганини дарров фаҳмлаганди. -Агар Оллонинг ҳузурига ёруғ юз билан борсин десангиз, мендан рози бўлинг! –деганди Иброҳим уста. -Ҳеч кимга даъвом йўқ, ҳаммадан розиман! Нуралининг бу сўзларини эшитган устанинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлганди. Шу суҳбатдан уч кун ўтиб, жума намозидан сўнг устанинг жанозаси ўқилди. Тобутни масжиддан елкасига олган Нурали токи қабргача уни елкасидан қўймади. Тақдир битигини қаранг, кичкинагина ҳужра қуриб, отасини шу ерга кўчириб қўйган ёлғиз ўғил олис қозоқ чўлларидаги қурилишда мардикорчилик қилар, падарини сўнгги манзилга қўйиш унга насиб этмаганди. Эрини бериб қўйган Салима хола қишлоқда "Қайнотасини куёви тупроққа топширибди”, деган гап тарқалганини эшитиб, анча ўзига келолмади. Нозим эса жанозадан етти кун ўтгач бир амаллаб уйга қайтиб келди. Невараси - Нурали ва Ҳалиманинг қизи Назира саккиздан ўтиб тўққизга кираётган эди. У салкам беш чақиримлар наридаги Ёрбулоқда яшаётган отасини ҳеч кўрмасди. Кунларнинг бирида Нурали қизини бозорда кўриб қолган, аммо "Мен отангман, қизим!” дейишга жуда уялганди. Назира эса отасини танимай ўтиб кетганди. Ўша куни, ўз фарзанди танимаганидан Нуралининг кўзларига ёш келганди... Орадан анча ўтиб ёши олтмишларга бориб қолган, фарзандларидан тинчиган киши орага киши қўйиб, Ҳалиманинг қўлини сўради. Салима хола карахт бўлиб қолганди. Ўттиз иккига кирмаган қизига энди неварали чоллар харидор бўлаётганидан ўзини қўйгани жой тополмаганди... "Яна бир уринсам, уйга етаман!” ўйлади Салима хола. Қуёш анча баланд кўтарилиб қолган, иссиқ авжига чиққанди. "Нега уйга шошаяпман?” ғалати савол урилди миясига. "Нима ҳам қиламан?..” Уйда қолган келинининг чимирилган қошлари лоп этиб кўз олдига келди. Ўтган ҳафтада... бу ёғини Салима хола эслолмайди. Қайтар дунё экан. Чоршанба бозорида, ўша Нурали қайниси томонидан шафқатсизларча калтакланган бозорда, уйланганига икки йил бўлган Нозимни ҳам қайниси ўлгудек калтаклабди. Тақдир битиги, нозиккина келин арзимаган иши учун эрининг муштини еган, эр эса қайнисининг муштига учраганди. Ҳалима, айниқса неварали кишидан совчи чиққанидан кейин, анча ўзгариб қолган, нима қилиб бўлса-да, қишлоқдан кетиш васвасасига тушиб қолганди. Бўйи етгунича борган энг узоқ ери қайси бир фермернинг қўшни туманга туташ даласи бўлган Ҳалиманинг кўзига ёши ўндан ошган қизи Назира ҳам кўринмай кетарди. Аммо бир куни қўшни аёллар билан ўтоқ қилишга чиққан Ҳалима тушлик маҳали канал бўйида ўтириб, бехос сувга тушиб кетди-ю, тирик чиқмади. Унинг мурдаси бир кундан сўнг топилди.... Шундан кейин Назирани Нуралининг уйига келтиришди. Ўн йиллар давомида отасини кўрмаган қиз бегонадай турган кишини ота дейишга мажбур бўлди. Салима хола шу бўйи йигирма чақиримча наридаги Ёрбулоқдаги яккаю-ягона неварасини бошқа кўрмади. Бугун эрталаб айрон сотаётган қизни кўрди-ю, юраги қалқиб кетди. Назира! Узоқдан уйининг тунука томи кўринди-ю, Салима холанинг кўнгли нохушланди. Негадир қадами сустлашди. Ўғли ҳам Қўқонга кетган, мардикорчилик қилгани. Уйда фақат келини. Унинг чимирилган қошлари... Бу дунёдаги ҳамма нарса ҳисоб-китобли. Буни Салима опа ўғлини уйлантирганига олти ой бўлганида билди. Нозимнинг қайнонаси, Салима холанинг қудаси бутун маҳаллага овозини етказиб айтганмиш: "Менга қаранг, куёв бола, ўзингизни эпласангиз эпланг, бўлмасам бунақа мардикорга ташлаб қўйган қизим йўқ!”. Салима хола кўзларини юмди... Қайтар дунё! | |
|
Всего комментариев: 0 | |